Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилояти ҳам пахта топшириш режасини бажарди
21:33 / 2025-10-30

Қашқадарё вилоятида 2025 йилги пахта йиғим-терими юқори натижалар билан якунланмоқда. Вилоят пахта топшириш бўйича шартномавий режани тўлиқ бажарди ва бу кўрсаткич мамлакат миқёсида энг юқори натижа бўлди. Жорий йил ҳосили учун белгиланган 535 минг 500 тонна пахта хомашёси режаси ўз вақтида ва сифатли адо этилди.

Бу йил вилоятда 126 минг гектар майдонда пахта етиштирилди. Шундан 32 минг 158 гектарга хорижий, 93 минг 842 гектарга маҳаллий навлар экилиб, айрим хўжаликларда ҳосилдорлик гектаридан 90-95 центнергача етди. 

Терим жараёнида 200 дан зиёд замонавий юқори унумли пахта териш машиналари, 2 минг 346 тадан ортиқ транспорт воситалари ва 3 минг 59 та тиркамалар жалб этилди. Мавсумда барча қабул масканлари тўлиқ рақамлаштирилган “Агротарози” ахборот тизими орқали ишлади. Ташувчи техникаларнинг давлат рақамлари тизимга киритилди, жараёнлар шаффофлиги таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси топшириғига мувофиқ, жорий мавсумда хориждан келтирилган “Boshiran 4MZ-4” ва “FM-World 4MZ-4C” каби янги турдаги пахта териш машиналарини бошқарувчи механизаторлар учун 4 кунлик амалий ўқув-семинарлар ташкил этилди. Ўқув жараёни якунида барча иштирокчиларга “Ўзагроинспекция” томонидан махсус сертификатлар топширилди.

[gallery-26000]

Пахта теримини ўз вақтида ташкил этиш мақсадида вилоятда 1 минг 668 та отряд тузилди, 150 мингдан зиёд теримчи ва кўнгилли ҳашарчилар жалб этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 17 январдаги тегишли фармони ижроси доирасида вилоятдаги 17 та пахта-тўқимачилик кластерлари ва 64 та қабул масканларидаги 77 та электрон тарози ва лаборатория ускуналари “Агропортал” ахборот тизимига уланди. Бу эса ҳисоб-китобларда аниқлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилди.

Шунингдек, терим даврида пахта сортлари, намлик ва бошқа кўрсаткичлар бўйича юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш мақсадида “Ўзагроинспекция” томонидан вилоятда махсус Арбитраж гуруҳлари ташкил этилди ва ҳар бир туманга малака¬ли мутахассислар бириктирилди.

Қашқадарё терим мавсумини юқори ташкилотчилик ва масъулият билан олиб бориб, биринчилар қаторида шартномавий режани бажарган ҳудуд сифатида қайд этилди. 

Йиғим-терим ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари