Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 60 фоизга етказилади
20:30 / 2022-10-26

Қашқадарё вилояти мамлакатимизнинг ўзига хос иқлим шароити ва бетакрор табиатига эга эканлиги ҳамда бағрикенглиги ва меҳнаткашлиги билан ўзгаларга намуна бўла оладиган халқи билан алоҳида ажралиб туради.

Мустақиллик йилларида вилоят республикада етакчи пахта ва ғалла етиштирувчи ҳамда нефт-газ ва кимё саноати ривожланган ҳудуд сифатида етакчилик қилиб келган бўлса, сўнгги олти йилда амалга оширилган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар натижасида аҳоли даромади ошишига катта таъсир қилувчи электротехника, тўқимачилик, қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш каби соҳалар ҳам жадал ривожланмоқда.

Жумладан, сўнгги беш йилда вилоятда етиштирилган пахтани тўлиқ қайта ишлаш имконияти яратилиши натижасида пахта хомашёсини қўшимча қиймат яратган ҳолда сотиш имконияти вужудга келди. Шу билан бирга, яқин вақтгача Қашқадарё вилояти қурилиш соҳасидаги энг муҳим маҳсулот цемент ишлаб чиқариш бўйича ноль даражада бўлиб келган бўлса, ҳозирда Китоб туманида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда қурилган цемент заводи сабаб, нафақат ўз ички эҳтиёжини қондириш, балки маҳсулотни экспорт қилиш имконияти ҳам яратилди. Бундай саноат корхоналари фаолиятининг йўлга қўйилиши эса, муносиб даромадга эга иш ўринлари яратилишига замин бўлмоқда.

Албатта, бу каби янги йўналишлардан ташқари кимё ва нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги етакчилик кўрсаткичини янги босқичга олиб чиқилганлиги ҳам вилоятнинг иқтисодий имкониятлари ортишига хизмат қилмоқда. Ўтган йили Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича «Uzbekistan GTL» заводининг очилиши фикримизга мисол бўла олади. Ушбу мажмуа йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишлаб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш, жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрлаш имконини бериб келмоқда.

Куни кеча Давлатимиз раҳбари бошчилигида масъуллар иштирокида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, вилоятда 2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган 10 мингта тадбиркорлик субъекти ташкил этиб, уларнинг сонини 80 мингтага етказиш, 9 триллион сўм инвестиция жалб қилиб, 810 та саноат лойиҳаларини амалга ошириш, 430 мингта янги иш ўрни яратиш каби дастурларнинг ижроси ҳолати муҳокама қилинди.

Жумладан, қишлоқ хўжалигида 12 минг 500 гектар ерни аҳолига тақсимлаб, 3 миллион 200 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, 11 минг гектар интенсив боғ ва токзор ташкил этиб, мева-сабзавот экспортини 60 миллион долларга етказиш вазифалари қўйилган. Ижтимоий соҳада эса 174 та мактаб, боғча ва поликлиника қуриш ва таъмирлаш, 1,5 минг километр ичимлик суви тармоғи тортиш ҳамда 1,8 минг километр ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилган.

Аммо, бугун инсон қадрини улуғлаш орқали Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун танлаган йўлимиз, инсонлар ислоҳотлар натижасини эртага эмас, бугун ўз ҳаётларида ҳис қилиб яшашига эришиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу боис, йиғилишда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, вилоятнинг бу борада иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсадида қўшимча вазифа ва топшириқлар белгилаб олинди.

Бунинг учун биринчи навбатда, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали яратилаётган иш ўринлари сонини келгуси йилда 207 мингтага етказиш, бунда соатига 1,5 мингта автомобиль қатновига эга Шаҳрисабз-Китоб йўли бўйида хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, Шаҳрисабзнинг Мираки ва Китобнинг Қайнар қишлоқларида туризмни ривожлантириш орқали 10 мингта иш ўрни яратиш каби имкониятларда самарали фойдаланиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Юқорида таъкидлаганимдек, бугун вилоятда катта салоҳиятга эга яна бир соҳа – саноат ҳам жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Аммо ҳали ишга солинмаган имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш орқали бу йўналишда ҳам 960 та лойиҳани амалга ошириб, 20 минг нафар аҳолини бандлигини таъминлашга эришиш мумкин.

Хусусан, 22 та норуда конни ўзлаштириб, талаб юқори бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш имконияти бор. Кимё, нефть-газ, энергетика тизимидаги йирик корхоналар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиб, 65 та маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш мумкин. Шунингдек, кластерлар томонидан таклиф этилаётган 12 та лойиҳа пахтани чуқур қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш даражасини оширади.
 

Учинчи яна бир муҳим йўналиш – қишлоқ хўжалиги тармоғидир. Жумладан, 18 минг гектар майдонда сув таъминотини яхшилаб, қўшимча 90 миллиард сўмлик маҳсулот етиштириш, 66 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиб, 300 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш, 10 минг гектар пахта ва ғалла майдонини қисқартириш ҳисобига 32 минг оила бандлигини таъминлаш мумкин. Умуман, имкониятлардан тўғри фойдаланилса, бу соҳада 295 минг нафар аҳоли ишли бўлади.

Эндиликда юқоридаги каби лойиҳалар ҳамда ўзлаштирилган инвестициялар энг аввало оғир маҳаллаларга йўналтирилади. Хусусан, келгуси йил якунига қадар вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 60 фоизга етказилади. Ушбу маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш учун 2023 йилда республика бюджетида 685 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” доирасида вилоят маҳаллаларига 135 миллиард сўм, яна 670 та лойиҳани амалга оширишга қўшимча 265 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Галдаги вазифа биз халқ вакиллари нафақат ушбу лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилишимиз, шу билан бирга қашқадарёлик фаоллар билан доимий равишда маслаҳатлашиб, ажратилаётган маблағларнинг тўғри ва оқилона сарфланишини таъминлашимиз даркор. Шундагина аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга, фуқароларимизнинг бугунги ислоҳотлардан рози бўлган ҳолда юрт келажагига бўлган дахлдорлиги ортишига эришиш мумкин.

Маҳфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА