Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё вилоят ҳокимининг таълимни ривожлантириш бўйича финляндиялик маслаҳатчиси тайинланди
23:21 / 2022-09-04

Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидлаш лозимки, Давлатимиз раҳбарининг раислигида жорий йил 28 январь ва 5 апрель кунлари ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга асосан Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонидан, Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университети билан ҳамкорликда, халқ таълими тизимини такомиллаштириш ва ўқитувчиларининг малакасини ошириш мақсадида Финляндиядан мутахассис жалб қилинди.

Мазкур мутахассис Финляндиянинг Амалий фанлар бўйича Савония университети профессори (тадқиқот, ривожланиш ва инновациялар бўйича эксперт) Петри Лунаскопри бўлиб, у 20 дан ортиқ давлатларда К12 Олий таълим бўллимининг ўқитиш хизматларида тренер сифатида тажрибага эга.

Петри Лунаскопри педагогика фанлари доктори ва педагогика йўналишида халқаро даражадаги мутахассис ҳисобланади (Финляндиядан ташқари Недерландия, Англия, Португалия ва Венгрия давлатларида ишлаган). Шу билан бирга у Финляндия таълими ривожланишига туртки бўлган 1994 йилдан бошлаб жорий қилинган Таълимни ислоҳ қилиш концепцияси муаллифи ҳамдир. 

Мутахассис Ўзбекистондаги халқ таълими тизими бўйича ҳам муайян тажрибага ва маълумотларга эга.

Жумладан, мутахассис жорий йил 15-19 май кунлари “Таълимдаги ўқитиш методикалари бўйича Финляндия тажрибаси” мавзусида республикамизда тренинглар ўтказган.

Айтиш жоизки, Петри Лунаскоприни 1 йил муддатга халқ таълими тизимига жалб қилиш ва унинг маҳоратидан қуйидаги йўналишларда фойдаланиш режалаштирилмоқда: Қашқадарё вилоятида халқ таълимини ривожлантириш бўйича 3 йиллик маҳаллий дастурини ишлаб чиқиш; туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги 2 нафардан методистларни финляндия таълими тажрибаси бўйича тайёрлаш; вилоят Педагогларни янги методикаларга ўргатиш Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш ва бошқалар.

Хорижий мутахассиснинг вилоятдаги фаолияти давомида миллий баҳолаш рейтингида паст натижа кўрсатган мактабларда тренинглар ва ўқитувчилар дарс беришини кузатиш тадбирлари ташкил қилинади. Мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг дарс ўтиш методикаси таҳлил қилинади. Халқ таълими тизимидаги фан методистларининг фаолияти таҳлил қилиниб, финляндия тажрибаси асосида уларни салоҳиятини оширилади. Мактабларда ўқитувчиларни ўз устида ишлашни янада рағбатлантирадиган тизим яратилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан халқ таълими йўналишида ўтказилган йиғилишларда айнан Финляндия мисол қилиб кўрсатилган. 

Ушбу мамлакат таълим сифатини баҳолаш бўйича ўтказилган халқаро тадқиқотлардаги ўз муваффақиятлари билан ажралиб туради. Фин ўқувчилари таълим сифатини баҳолаш бўйича тадқиқотидаги барча йўналишларда саводхонлик кўрсаткичлари бўйича энг яхши натижаларга эришиб келмоқда.

Ўз навбатида, финляндиялик мутахассиснинг вилоятда педагогика йўналишида таълим берилаётган олийгоҳлар талабалари билан ҳам очиқ мулоқотларини ташкил қилиниши режалаштирилган.

Бундан ташқари, тез орада фин мутахассиси салоҳияти билан умумтаълим тизимидаги ўқитувчиларни кўпчилик қисмини қамраб олиш ва ўзига хос мулоқот майдонини яратиш мақсадида, телеграм бот ҳам ишга туширилади.

Вилоят ўқитувчилари халқ таълимини ривожлантириш бўйича бевосита ғоялар, таклифлар ва мурожаатлар (инглиз тилида) йўллашлари ҳам мумкин.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА.