Қашқадарё вилояти ва Хитой Халқ Республикаси ишбилармонлари ўртасида илк маротаба ташкил этилаётган мазкур форум пандемия сабабли онлайн форматда ўтказилди.
Форумни Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов очиб берди.
Таъкидландики, Ўзбекистон ва Хитой давлатларининг савдо-иқтисодий алоқалари йилдан-йилга шиддат билан ривожланиб, сўнги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,7 баробарга ўсишига эришилди (2021 йилда 7,4 миллиард доллар, 2022 йил 1-ярмида 4,5 миллиард доллар).
Буни Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, Китоб туманида “Қарши конч цемент” МЧЖ ҚК томонидан қиймати 150 миллион долларлик цемент, Қарши туманида “"LT TEXTILE INTERNATIONAL” МЧЖ ҚК томонидан 217 миллион долларлик ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилди.
– Ҳозирда Қашқадарё вилоятида 35 та Хитой сармояси иштирокида қўшма корхоналар фаолият олиб бормоқда, – дейди вилоят ҳокими Муроджон Азимов. – Уларнинг йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 111 миллион долларни ташкил этиб, Хитойга маҳсулотлар экспорти ҳажми 5 миллион долларга ўсишга эришилди. Жорий йил биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон-Хитой ташқи савдо айланмасида вилоят ҳиссаси 63 миллион долларни ташкил этмоқда. Вилоятдан 25 турдаги 14 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилган бўлса, 250 турдан зиёд 59 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинган.
[gallery-7979]
Маълумотларга кўра, тадбиркорликни жадал ривожлантириш мақсадида, вилоятда Хитой тажрибасига асосан 45 та кичик саноат зонаси ва Қарши аэропортига ёндош 120 гектар майдонда эркин иқтисодий зона фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу ҳудудларда тадбиркорлик фаолияти учун Давлат томонидан барча муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси яратилган.
Қашқадарё вилояти республикада ҳудудининг катталиги бўйича 3-ўрин, аҳолиси сони бўйича 4-ўринда туради. Вилоят ҳудудида ерости ва ерусти табиий қазилма бойликлари, қолаверса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича улкан хомашё базаси ҳамда истеъмол бозори мавжуд. Вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларнинг саноат усулида қайта ишлаш даражаси паст. Хусусан етиштирилган меванинг 12 фоизи, сабзавотнинг 2 фоизи, узумнинг 4,8 фоизи, гўштнинг 1,1 фоизи, сутнинг 2,8 фоизи қайта ишланаётганлиги, бу маҳсулотларга вилоятнинг ўзида катта бозори борлигини кўрсатади. Вилоятда кейинги 5 йилда етиштириладиган қарийб 10 миллион тонналик чорвачилик маҳсулотларини ёки қарийб 65 миллион тонналик деҳқончилик маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини жорий этиш зарурати мавжуд. Ваҳоланки, жуда катта миқдорда қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари вилоятга четдан ёки бошқа вилоятлардан олиб келинади.
Бундан ташқари, вилоят ҳудудида 23 турдаги 147 та фойдали қазилмалар мавжуд. Масалан, кафель учун зарур бўлган хомашёнинг 90 фоизи, сантехника (унитаз, раковина ва бошқалар) маҳсулотлари учун 98 фоиз, стеклокристаллит учун 72 фоиз, қурилиш ойнаси учун 86 фоиз ҳамда чинни идишлар учун 100 фоиз компонентлар вилоятнинг ўзидаги конларда мавжуд.
Ушбу хомашё захираларини қўшма корхоналар ташкил қилиб, шу ернинг ўзида вилоятнинг ички бозори ва ташқи бозорлар учун қайта ишланса ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилса юқори натижаларга эришиш мумкин. Энг асосийси бу маҳсулотларга талаб юқори, хусусан кейинги 5 йилда 24 минг хонадонли, 2022 йилнинг ўзида 3,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилганлиги қурилиш материалларига талабнинг юқорилигини кўрсатади.
Қашқадарёда келгуси 5 йилда, яъни 2026 йилга бориб, аҳоли сони 4 миллион кишига етиши озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа турдаги бирламчи маҳсулотларга талаб ошиб бориши тахмини илгари сурилган. Яна бир масалани алоҳида қайд этиш зарурки, 2021 йилда вилоят бўйича электр энергиясига талаб 5,6 миллиард кВтни ташкил қилиб, йилига ўртача 300 миллион кВтга ортиб бормоқда.
Хитой давлати мазкур йўналишда дунёда 1-ўринда бўлиб, иқтисодиёт эҳтиёжининг асосий қисмини муқобил энергия билан таъминлайди. Бизнес форум давомида вилоятда ҳам муқобил энергия манбалари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун барча инфраструктура (йўл, бино, электр, газ) ва қулай ишлаб чиқариш муҳитини яратиш мақсад қилинаётгани қайд этилди.
Форум доирасида Қашқадарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва кенг имкониятлар ҳақида сўз борди. Иштирокчиларга Қарши шаҳрида ташкил этилган “Эркин иқтисодий зона” имкониятлари ва яратилган қулайликлар акс этган видеоролик ҳавола этилди.
Иккала давлат ишбилармонлари ўртасида иқтисодий ва инвестицион муҳитни ёритиб берувчи қатор тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир сўнгида Хитой Халқ Республикасининг “LONGI SOLAR TECHNOLOGY CO., LTD.” корхонаси билан қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларининг техник ва иқтисодий самарадорлигини ошириш ҳамда Қашқадарё вилоятида қуёш энергетикаси лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА