English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё соҳилларида хавфли касаллик аниқлангани ростми? (+Видео)
11:15 / 2022-08-05

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм каналида «Чўмилиш ҳавзаларидаги сувларнинг саломатликка зарари йўқми?» мавзусидаги овозли чат орқали берилган саволларга Санитария- эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бош мутахассиси Рауфжон Қосимов жавоб берди.

— Қашқадарё соҳилларидаги сувда хавф касаллик, яъни вабо аниқланган. Айрим одамларни балиқ тутаётганининг гувоҳи бўлдим. У ердаги сув қандай тозаланади?

— Ўта юқумли касаллик ҳисобланадиган вабонинг турлари кўп. Вабо ва вабога ўхшаган касаллик бор. Яъни ҳақиқий вабо ва вабосимон бўлиши мумкин. Бундан ташқари, касал ва касалликка чақирувчи бор. Агар инсонда касалликнинг аломатлари пайдо бўлиб, шифохонада ётса, уни касал деймиз. Лекин сувда касалликни чақирувчи микроб вибрион аниқланган бўлса, унда бу касаллик эмас. Бу сув манбасида касалликни чақирувчи микроб аниқланди, дегани.

Агар касаллик пайдо бўлган бўлса, эпидемияга қарши даволаш, дезинфекция, тушунтириш, карантин тадбирлари ўтказилади. Сув ифлосланган бўлса, унинг манбасини қидириш керак. Қаердадир одамлар мағзава, душхонадаги, ҳожатхонадаги сувни оқизиб ифлослантирган бўлиши мумкин. Албатта бундай ҳудудларда тозалаш ва назорат ишлари олиб борилади. Агар касаллик аниқланмаса, назорат кучайтирилади, аниқланса, зарарсизлантириш ишлари амалга оширилади. Кузатувчимиз айтган жойдаги сувда вибрионсимон 0,1 наг тури аниқланган. Қайта текширилганда, бу вибрионнинг манбаи аниқланмади, ҳозирча сабаби номаълум.

— Бугун қишлоқ болалари қаерларда чўмилишяпти?

— Ҳозир айрим туман марказларида сув ҳавзалари, яъни бассейнлар бор, лекин улар саноқли. Республикамизнинг кўп жойларида сув таъминоти масаласи муаммо бўлиб келяпти. Аҳоли ўсиши ва талаб ошиши натижасида сувнинг ҳажми камаяпти. Аслида чўмилиш ҳавзалари кўпайса, яхши бўларди. Аммо амалиётга қарайдиган бўлсак, ҳаттоки айрим қишлоқларда сув йўқ. Баъзи мактаб, боғчаларга машиналарда ташиб боришади. Сув танқис бўлган жойларда бассейнлар қуриш ўринли эмас.

Ҳозир кўпгина туман, вилоят марказларида бассейн қуриш ҳаракатлари кетяпти. Қашқадарё, Сурхондарё, Навоийда шундай марказлар бор. Қишлоқдаги болалар асосан кўлда, канал ва ариқларда чўмилишяпти. Аммо болалар ҳар доим атрофи ўралган ва назоратчиси бор кўлларда чўмилишлари керак.

— Чўмилиш ҳавзаларидаги сувнинг озодалигига ким ёки қайси ташкилот жавобгар?

— Қаерда сув ҳавзалари бўлса, ўша ер санитария назорати ходимлари томонидан ўзининг вақти, графиги асосида текширилади. Ҳар ҳафта, ўн кун ёки бир ой ичида ҳам кимёвий, бактерия, ўта хавфли юқумли касалликларга сувлардан намуналар олиб, ўрганилади. Ичимлик сувига яқин бўлган жойларда назорат кўпроқ ўрнатилади. Санитария гигиена хизмати ва махсус лаборатория ташкил этилади.

<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/0vN1UqNx_Uo" title="Қашқадарё соҳилларида хавфли касаллик аниқлангани ростми?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>


Н. Раҳмонова, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА