Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё делегацияси Германияда
14:17 / 2026-01-24

Муротжон Азимов бошчилигидаги Қашқадарё вилояти делегациясининг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи доирасида таълим, соғлиқни сақлаш, инвестиция, тартибли миграция ҳамда инновация йўналишларида қатор муҳим учрашув ва форумлар ўтказилди.

Ташриф давомида Германиянинг илмий-таълим ва иқтисодий салоҳияти юқори бўлган Ҳайдельберг, Дюссельдорф ва Манҳайм шаҳарларида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган музокаралар бўлиб ўтди. Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги делегация Германия тажрибаси асосида ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, қўшимча иш ўринлари яратиш, тартибли миграцияни йўлга қўйиш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, Ҳайдельберг шаҳри мери Эккарт Вурснер билан учрашувда таълим ва касбий тайёргарлик, соғлиқни сақлаш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда тартибли миграция соҳаларида узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар якунида бир қатор муҳим келишувларга эришилди. Қайд этиш жоизки, Ҳайдельберг асрлар давомида Европа илм-фани ва таълими ривожининг муҳим маркази бўлиб келмоқда. Бу ердаги Ҳайдельберг университети, Европа молекуляр биология лабораторияси, Немис канцер тадқиқот маркази ва Макс Планк институтлари шаҳарни глобал илмий-тадқиқот ҳамда инновация марказига айлантирган.

Шунингдек, Ҳайдельберг шаҳрида Германиянинг етакчи ишбилармон доиралари, савдо-саноат ва ҳунармандчилик палаталари вакиллари иштирокида “Ҳайдельберг – Қашқадарё иқтисодий форуми” ўтказилди. Форумда икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва амалий ҳамкорлик механизмларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Форум якунида таълим, инвестиция ва тартибли миграция йўналишларида қатор келишувлар имзоланди.

Ташриф доирасида Ҳайдельберг – Манҳайм университет клиникалари тармоғи бош директори профессор Ханнс-Петер Кнабел билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда тиббиёт соҳасида технологиялар трансфери, тиббий кадрлар малакасини ошириш, академик алмашинув ва соғлиқни сақлаш тизимида замонавий ҳамкорлик механизмларини жорий этиш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

Дюссельдорф шаҳрида эса “Қашқадарё – Дюссельдорф иқтисодиёт ва ҳамкорлик форуми” ташкил этилди. Европа миқёсида илғор бизнес ва инновация хабларидан бири саналган ушбу шаҳарда ўтказилган форумда Германиянинг 50 дан ортиқ йирик ва ўрта корхоналари иштирок этди. Форумда Қашқадарё вилояти билан саноат, соғлиқни сақлаш, таълим, инвестиция ва тартибли миграция соҳаларида кўп қиррали ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилиниб, қатор келишувлар имзоланди.

Шунингдек, Манҳайм шаҳрида шаҳар раҳбарияти, таълим муассасалари ва ишбилармонлар билан ўтказилган учрашувда олий ва касбий таълим соҳасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик, дуал таълим дастурларини жорий этиш, муҳандислик ва техник йўналишларда мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Саноат соҳасида эса машинасозлик, кимё, логистика ва инновацион ишлаб чиқариш тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятида Марказий Осиёдаги илк немис боғчаси очилгани ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворга эга эканини кўрсатади.

Қашқадарё вилояти делегациясининг Германияга расмий ташрифи давом этмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА