Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарё чорвачилигида янги босқич
16:54 / 2025-09-24

Аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш – бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири. Қашқадарё вилоятида ҳам чорвачиликни ривожлантириш, маҳсулдорликни ошириш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятда 1 миллион 762 минг бош қорамол ва 5 миллион 109 минг бош майда шохли чорва моллари парвариш қилинмоқда. Бу нафақат аҳолини гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш, балки ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 17 июлдаги қарори асосида Мўғулистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Айниқса, қўйлар зотини яхшилаш ва маҳсулдорликни ошириш мақсадида амалий ишлар бошланди.

Қашқадарёга Мўғулистондан 10 минг бош “баяд” зотли қўй олиб келиш режалаштирилган. Ҳозиргача тадбиркорлар томонидан қиймати 27 миллиард сўмлик 11,6 минг бош қўй учун шартномалар тузилди. Улардан 5 мингтаси аллақачон етиб келиб, маҳаллий иқлимга мослашиш жараёнини муваффақиятли ўтмоқда.

– Бу қўйлар тез ҳаракатчан, озуқа танламайди. Асосан гўшт ва жун йўналишида самарали. Ҳар бир қўйга кунлик озуқаси етарли тайёрланган, шунинг учун қисқа вақтда ўзини тиклаб олди, – дейди вилоят чорвачилик бошқармаси раҳбари Шуҳрат Эшматов.

Яккабоғ туманида жойлашган “Оқтош келажаги” МЧЖ раҳбари Холмирза Турумов ҳам Мўғулистонга бориб, иқлимимизга мос қўйларни ўрганиб келди ва 5 миллиард сўмлик имтиёзли кредит эвазига 2 минг бош “баяд” қўй олиб келди. Унинг сўзларига кўра, қўйлар жун сифати билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

– Жуни майин ва қайта ишлашга жуда қулай, – дейди Х.Турумов. – Шунинг учун биз гўшт билан бирга жун маҳсулотларини ҳам бозорга чиқаришни режалаштирганмиз.

“Кумуш куз файзи” МЧЖ эса паррандачилик билан бирга чорвачилик йўналишини ҳам йўлга қўйди. Улар икки минг бош “барга” зотли қўйни олиб келиб, саноат усулида парваришни бошлади. Бу усул самараси шундаки, йил давомида қўйлар икки марта қўзилайди ва кичик вақт ичида пода сони икки-уч баробар кўпаяди.

– Илгари икки минг қўйни 2 минг гектар ерда ўтлатган бўлсак, ҳозир 200 гектар ерда ҳам уларга етарли озуқани етиштириб, саноат усулида боқиш имконига эгамиз, – дейди тадбиркор Ойбек Камолов. – Бу эса самарадорликни бир неча баробар оширади.

Китоб туманидаги “Шарипов Ҳамроқул” фермер хўжалиги ҳам минг бош қўй олиб келди. Яқин кунларда вилоятга яна 6 минг 500 бош зотдор қўй келтирилиши кутилмоқда. Махсус мутахассислар уларни парвариш қилиш, профилактика тадбирлари ва иқлимга мослашиш жараёнларини назорат қилади. Йил охиригача умумий ҳисобда келтирилган 10 минг бош наслдор қўй маҳаллий шароитда кўпайтирилиб, уларнинг сони 100 минг бошгача етиши режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, Қашқадарё чорвадорлари учун янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Мўғулистондан олиб келинаётган зотдор қўйлар нафaқат сифатли гўшт ва жун манбаи, балки аҳоли учун арзон маҳсулот, тадбиркорлар учун эса барқарор даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.

Ўлмас Баротов, ЎзА