Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида Қашқадарё вилояти бокс федерациясининг ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда жорий йил вилоят боксчилари томонидан Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 6 тадан олтин ва бронза, 4 та кумуш, Осиё чемпионати ва кубокларида 2 та кумуш, жаҳон чемпионати ва кубокларида 1 та олтин, 1 та бронза медаллари қўлга киритилганлиги, қашқадарёлик Райҳона Қодирова Токио олимпиадаси ўйинларида вилоят боксчилари орасида биринчилардан бўлиб қатнашганлиги эътироф этилди. Бундай сермаҳсул натижага вилоят боксчилари илк бор эришаётганлиги таъкидланди.

Қолаверса, вилоят бокс федерацияси раҳбари, Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоевнинг билдиришича, Қарши шаҳрида замонавий «Бокс маркази» фойдаланишга топширилганлиги, бу масканда 100 нафардан зиёд ёшлар бокс билан мунтазам шуғулланиб келаётганлиги боксда янги истеъдодлар кашф этилишига замин яратмоқда.
Тадбир якунида мусобақаларда муносиб натижаларга эришиб келаётган мураббий ва спортчилар тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА