Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўқув-дала марказида Малака ошириш институтининг бошланғич касбий тайёргарлик ўқув курси тингловчиларининг қасамёд қабул қилишга бағишланган тантанали маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари, институт профессор-ўқитувчилари, тингловчиларнинг ота-оналари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Маросим давлат мадҳияси садолари остида бошланди ва тингловчиларнинг Ватанга садоқат, хизмат бурчига ҳурмат ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга бағишланган қасамёдни бир овоздан қабул қилиши билан давом этди.
Қасамёд қабул қилган тингловчилар учун бу муҳим босқич бўлиб, уларнинг ички ишлар органларидаги масъулиятли фаолиятига қадам қўйганини англатади. Маросимда сўзга чиққанлар тингловчиларни табриклаб, уларнинг Ватанимиз тинчлиги ва жамоат тартибини сақлашда муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.
Шунингдек, тадбир давомида ўқув жараёнида юқори натижаларга эришган тингловчилар ташаккурномалар билан тақдирланди.
Бу кун — фақат тингловчилар учунгина эмас, балки ота-оналар учун ҳам ғурур ва ифтихор қонига тўлган унутилмас кундир. Фарзандлари Ўзбекистоннинг тинчлиги ва хавфсизлиги учун хизмат қиладиган ходимлар сафидан жой олмоқда. Уларга берилган тарбия ва дуолар бу йўлда муҳим таянч бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Rb3erH7pyz0" title="Қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Маросим юксак руҳда, тантанали тарзда ўтди ва тингловчиларнинг ички ишлар органлари сафида ҳалол, масъулиятли ва садоқатли хизмат қилишга бўлган интилишини янада мустаҳкамлади.
Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА