Қонунчиликка кўра, Мажбурий ижро бюроси органлари қарздорлиги бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга қарзини ихтиёрий тўлашга вақт белгилайди.
Ихтиёрий тўланмаган қарздорлик эса мажбурий тартибда ундирилади. Бунда, қарзни ундириш қарздорнинг пул маблағларига, мулкига қаратилади.
Мажбурий ижро бюросининг Чилонзор тумани бўлими иш юритувида Чилонзор тумани давлат солиқ инспекциясининг қарорига асосан қарздор “V.B.” масъулияти чекланган жамиятидан 1,2 миллиард сўм миқдорида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Қарздор корхона номига расмийлаштирилган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида “МИБ-портал” электрон тизими орқали тегишли давлат органларига сўровлар юборилган.
Олинган маълумотларга кўра, қарздор масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган кўчмас мулк мавжудлиги аниқланиб, унга нисбатан белгиланган тартибда тақиқ чораси қўлланилган.
Қарздор томонидан солиқ қарзи ихтиёрий муддатда қопланмагани сабабли хизмат кўрсатувчи банклардаги барча ҳисоб рақамларига инкассо топшириқномалари юборилди. Пул маблағлари ҳаракатига банд қўйилди.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонага тегишли бўлган нотурар бино белгиланган тартибда хатланиб, электрон аукцион савдоларига чиқарилди. Аукцион натижаларига кўра, ушбу кўчмас мулк 840 миллион 472 минг 500 сўмга сотилиб, тушган маблағлар тўлиқ солиқ қарздорлигини қоплашга йўналтирилди.
МИБнинг Чилонзор тумани бўлими томонидан солиқ инспекциясининг қарорига асосан “T.G.S.Q.M.” масъулияти чекланган жамиятидан 129 миллион 451 минг сўм солиқ қарзини ундириш бўйича ижро иши қўзғатилди.
Қарздорлик ихтиёрий муддатда тўланмагани сабабли корхонанинг банк ҳисоб рақамларига банд қўйилди. “Hyundai HD 260” русумли автотранспорт воситаси хатланди. 1 миллиард 681 миллион сўмга баҳоланган транспорт воситаси электрон аукционга чиқарилди.
Кўриниб турибдики, қарздорликни вақтида тўламаслик мол-мулкка нисбатан мажбурий ижро чоралари қўлланилишига сабаб бўлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА