Қарздорлик судда тўлаб берилди
Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2025 йил 3 март кунги ижро ҳужжатига асосан қарздор К.Ж.дан ундирувчи Н.Д.нинг фойдасига, унинг қарамоғидаги бир нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ойда алимент пулини тўлаши белгиланган.
Шунга қарамасдан, фуқаро алимент пулини мунтазам равишда тўламай келганлиги оқибатида унинг қарздорлиги 17 миллион сўмдан ошиб кетган.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туман бўлими давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман судига юборилди. Жорий йилнинг 5 февраль куни ўтказилган суд мажлисида қарздор суд залининг ўзида алимент тўловидан юзага келган 17 миллион сўмдан ортиқ қарздорликни тўлаб берди.
Кейинчалик бўлим давлат ижрочиси ва маҳалла еттилиги томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ушбу ёш оила яраштирилди. Натижада фарзанд тўлақонли оилада вояга етадиган бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири