Тошкент шаҳар прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси ҳамда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳамкорлигида маъмурий жарималарни ундириш юзасидан амалий тадбирлар давом эттирилмоқда.
Бу борада мазкур идоралар томонидан қабул қилинган “Ижро иши юзасидан қидирув эълон қилинган шахслар ва автотранспорт воситаларини қидириб топиш ҳақида”ги қарор ижроси бўйича тунги қўшма рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, тадбирлар давомида маъмурий жарималарни белгиланган муддатда тўламаган фуқаролар замонавий технологиялар ёрдамида аниқланмоқда.
Тунги рейд тадбирининг бир кунида 1 миллиард сўмга яқин 2 минг 366 ижро ҳужжатининг ижроси таъминланди.
Қарздорлиги мавжуд, бироқ уни ўз муддатида бартараф этмаган 12 та қарздорнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилди. Бу жараёнда қидирувда бўлган транспорт воситалари ҳам аниқланмоқда.
Тадбир бошидан 370 мингга яқин маъмурий жаримадан 131 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликлар ундирилди. Жаримани тўлашдан бош тортган қарздорларга тегишли бўлган 1 минг 537 автотранспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилди.
Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА