Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарздор оталарга нисбатан чоралар кўрилди
11:19 / 2025-09-05

Бола ҳуқуқи – жамият эътибор берадиган энг асосий масалалардан бири. Ҳар бир фарзанд ота-она меҳри, моддий ва маънавий кўмагига муҳтож. Афсуски, ҳаётда ўз фарзанди тақдирига беписанд қараб, алимент тўлашдан бўйин товлайдиган оталар ҳам учраб туради.

Мажбурий ижро бюросининг Оқолтин туман бўлими томонидан ана шундай ҳолатларга чек қўйиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқини таъминлаш мақсадида қатъий чоралар кўрилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллиард 156 миллион сўм алимент пули ундирилиб, кўплаб болаларнинг кундалик эҳтиёжлари қондирилди, уларнинг ҳаёти ўз изига тушди.

Бироқ қонун олдида бурчини бажаришдан қочган қарздор оталар ҳам йўқ эмас. Масалан,  З.Хаджабеков 29,1 миллион сўм, У. Иманов 16,4 миллион сўм алимент тўламай юргани учун суд қарорига кўра, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Умуман олганда, алиментдан бўйин товлаган 18 нафар қарздор отага нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, алимент тўлашдан қочиш – фақат бир оиланинг муаммоси эмас, балки бутун жамиятнинг маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Чунки фарзанд ўз ҳақ-ҳуқуқи таъминланмаган ҳолда ўсса, унинг келажакка ишончи ҳам сўниб боради.

Асосийси, қонун барчадан бирдек талаб қилади: алиментдан қочиш мумкин, лекин жазодан қочиб бўлмайди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири