Тақдир тақозоси билан оиласидан ажрашган шахслар ўз фарзандларининг таъминоти учун, яъни суд қарори билан вояга етмаганларга алимент тўлаши зиммасидаги мажбуриятдир. Аммо айрим қарздор оталар бунга “панжа орасидан қарашади”ки, буни асло оқлаб бўлмайди.
Наманганда айнан алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан тизимли чора-тадбирлар ҳамда “Маҳаллабай” ундирувлар олиб борилмоқда. Айрим ҳолларда ўз боласига моддий таъминотни таъминламай, яшириниб юрганлар ҳам йўқ эмас.
Қидирувга берилган қарздорларни топиш ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида МИБ вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси инспекторлари томонидан ҳамкорликда тадбирлар ўтказилмоқда. Яқиндагина олиб борилган навбатдаги қидирув тадбири давомида Чуст туманида яшовчи қарздор ота топилиб, унга нисбатан узоқ вақтдан бери алимент тўламагани учун жиноят иши қўзғатилди.
Фуқаро Р.Қ.га нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг қарорига асосан икки нафар фарзанди учун то улар вояга етгунга қадар алимент ундириш белгиланган. Бироқ қарздор турли баҳоналар билан алиментни тўламай келгани учун шу йилнинг апрель ойида 15 суткалик маъмурий қамоқни ўтаб чиққан. Бундан ҳам тегишли хулоса қилмай яна фарзандлари таъминотидан бўйин товлаб келади. Боз устига қарздорликни қасддан тўламай яшириниб юради.
Олинган маълумотларга кўра, қидирувдаги қарздор Тошкент вилояти Оҳангарон туманида юргани аниқланди ва тадбир давомида ушланиб, Чустга олиб келинди. Ўтказилган суҳбат мобайнида қарздорлик салкам 15 миллион сўмга етгани, уни бартараф этиш тушунтирилди. Бироқ у яна масъулиятни ҳис этмади ва унга нисбатан жиноят иши юритилди.
– Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган даврида Бюронинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан қидирувга берилган 284 нафар қарздорнинг 176 нафари топилган, – дейди МИБ инспектори Ёқубжон Долимов. – Уларнинг 35 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса, 58 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилган. Олиб борилган профилактик ва тушунтиришлардан сўнг 320 миллион сўм қарздорлик ундириши таъминланган.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири.