Оилавий ажримлар оқибатида юзага келадиган энг мураккаб масалалардан бири алимент тўловларидир.
Гарчи оиласи бузилиб кетган бўлса-да оталик мажбурияти, қолаверса, инсонийлик бурчини англаганлар фарзанди таъминоти учун алимент пулини ўз вақтида тўлаб боради. Айримлар эса хатти-ҳаракатлари қонунга зидлигини, барибир алимент тўлашга мажбурлигини билса ҳам буни пайсалга солади, амалдаги тартибларга бўйсунмайди. Оқибатда...
Фуқаролик ишлари Ургут туманлараро судининг қарорига асосан қарздор О.Б.дан ундирувчи Г.Э.нинг фойдасига уч нафар фарзандининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланган ва суд қарорига асосан ижро ҳужжати Бюронинг туман бўлими томонидан юритилган. Аммо, ота фарзандлари таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини бажармай юраверган.
– О.Б. алимент пулини ихтиёрий тарзда тўламагани сабабли “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилди ва олинган маълумотларга асосан унинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилди, – дейди МИБ Ургут тумани бўлими бошлиғи Соҳиб Эрназаров. – Шунингдек, қарздорга мажбурият ва бурчлари тушунтирилди, профилактик суҳбат ўтказилди. Шундан кейин ота фарзандларининг таъминоти учун олдиндан 130 миллион 320 минг сўм алимент пулини тўлаб берди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА