Солиқлар ва мажбурий тўловларни ўз муддатида ва тўлиқ тўламаслик оқибатида йирик қарзлар юзага келаверади.
Солиқ ва бошқа мажбурий тўлов қарздорликларининг ошиб кетиши давлат бюджетига ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига салбий таъсир қилиши табиий.
Шу сабаб, Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар бўлимида ҳам қарздорликларни ундириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, фуқаро М.Мнинг катта миқдордаги қарзларини вақтида тўламагани юзасидан ижро иши ижобий якунланди.
М.М.нинг Қўқон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси фойдасига нақд 7 миллиард 504 миллион сўмлик солиқ қарзи мавжуд эди. Аммо, қарздор ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтиёрий равишда бажармай келаётганлиги сабаб, унга тегишли тамаддихона қарздорлик эвазига хатланди.
Ҳозирда мазкур кўчмас мулк бино-иншоотларини реализация қилиш чоралари кўрилмоқда. Келгусида мулк сотувидан тушган пул маблағлари солиқ қарздорлигини сўндиришга қаратилади.
Шунингдек, Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармасининг қарздор корхонадан 500 миллион сўм солиқ қарзи ҳамда давлат божларини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари юзасидан ишчи гуруҳ тузилди.
Мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, қарздорнинг балансидаги савдо дўкони ҳам хатланди. Шунингдек, тадбир давомида 150 миллион сўм солиқ қарзи ундирилган.
ЎзА