Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарздор корхонанинг автотранспорт воситалари хатланди
10:31 / 2022-09-29

Суд қарорларига асосан банклар фойдасига кредит қарзларни ундириш Бюро органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади ва бу борада самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Ғиждувон туманлараро судининг қарорига асосан қарздор “Қайроқ Тош” МЧЖдан ундирувчи АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Бухоро филиали фойдасига 569.385,86 АҚШ доллар миқдоридаги кредит қарзини ундириш, ундирувни мазкур МЧЖга тегишли мол-мулкларга қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Ғиждувон туман бўлими иш юритувига 2022 йил 31 майда келиб тушган.

Берилган ихтиёрий муддат ва кредит қарзини бартараф қилиш борасидаги огоҳлантиришга қарамасдан, қарздор МЧЖ ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган. Давлат ижрочилари томонидан жорий йилнинг 19-21 сентябрь кунлари олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида “Қайроқ Тош” МЧЖга тегишли бўлган 2 та “HOWO” русумли автотранспорт воситалари тегишли тартибда хатланиб, вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.

Мазкур кредит қарздорлиги МЧЖ томонидан белгиланган муддат давомида бартараф қилинмаган тақдирда, автотранспорт воситалари баҳоланиб, “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Ижро ҳужжати талабларини ўз вақтида ва ихтиёрий бажармаслик, мажбурий ижро ҳаракатларини ўтказишга сабаб бўлади.

 

Зариф Комилов, ЎзА