Суд қарорларига асосан қарздорликни ундириш Мажбурий ижро бюроси органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Қоракўл туманлараро судининг 2022 йил 22 сентябрдаги ижро варақасига асосан қарздор “Мўйначи Ҳунарманд” фермер хўжалигидан ундирувчи Ф.Собиров фойдасига жами 312 миллион 21 минг сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Қоракўл туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси тарафларга юборилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорликни бартараф қилиш учун қарздорга ихтиёрий муддат берилган ва қарздорликни бартараф қилиш ҳақида огоҳлантириш берилган бўлсада, фермер хўжалиги раҳбари ижро ҳужжати талабларини бажаришдан бўйин товлаб кетганлиги сабабли фермер хўжалигига тегишли бўлган “ARION 630C” русумли трактор хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилди.
Қарздорлик белгиланган муддатда бартараф қилинмаган тақдирда, трактор баҳоланиб, “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Ижро ҳужжати талабларини ўз вақтида ва ихтиёрий бажармаслик, мажбурий ижро ҳаракатларини ўтказишга сабаб бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА