Мажбурий ижро бюросининг Гулистон туман бўлими томонидан солиқ органлари томонидан чиқарилган солиқ қарздорликларини ундириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 1 январигача бўлим иш юритувида жами 2 219 та ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, улар 378 та қарздор фермер хўжаликларидан 17 миллиард 141 миллион сўм солиқ қарздорлигини ундиришга қаратилган.

Мазкур ҳужжатлар бўлим иш юритувига келиб тушганидан сўнг, ижро ишларини қўзғатиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди ва мажбурий ижро ҳаракатлари бошланди. Ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, жумладан 46, 47, 58 ва 60-моддалар асосида амалга оширилди. Қарздорларнинг барча банк ҳисоб рақамларига банд солиниб, электрон инкассо топшириқномалари қўйилди.

Хусусан, куни кеча Гулистон тумани бўлими ишчи гуруҳи бир қатор фермер хўжаликларига тегишли мол-мулкларни хатлади. Жумладан, “Бадалбек” фермер хўжалигига тегишли ТТЗ-80-10 русумли агротехника воситаси, “Булоқ Жилоси” фермер хўжалигига тегишли Volksagen id4 x автотранспорт воситаси, “Шарқ Лочинлари Макони” фермер хўжалигига тегишли ТТЗ-100xc русумли агротехника воситаси, “Собир Саодат Ҳамкор” фермер хўжалигига тегишли Volksagen id4 faw lite pro автотранспорт воситаси, “Янги Хирмон Сари” фермер хўжалигига тегишли Claas dominator-130 агротехника воситаси, “Янги Ҳаётлик Пахтакор” фермер хўжалигига тегишли Вектор-410 агротехника воситалари хатланди.

Ҳозирда ушбу хатланган мол-мулкларнинг реализацияси учун тегишли чоралар кўрилмоқда.

Кўрилган чоралар натижасида 22 та фермер хўжалигидан 449 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди. Шу билан бирга, бўлим иш юритувида жорий йилнинг 11январь ҳолатига кўра, 2 159 та ижро ҳужжати бўлиб, улар 367 та қарздор фермер хўжалигидан 16 миллиард 690 миллион сўм солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ. Қолдиқдаги ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида тегишли чоралар олиб борилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири