Энергия русурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Шу сабабли, “Ўзэнергоинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан узлуксиз тадбирлар ўтказилмоқда. Бу каби тадбирларда истеъмолчилар томонидан ушбу манбалардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланяпти.
Яқинда Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Асака туманида фаолият юритаётган “З.” МЧЖга қарашли чойхонанинг электр ҳисоблагичига ташқи таъсир кўрсатилиб, электр энергияси ўғринча ишлатилаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, Қарши шаҳридаги тиббиёт муассасасида ҳам тўғридан-тўғри тармоққа уланиб, электр энергияси ноқонуний ишлатилгани Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан фош этилди. Яъни, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази Қашқадарё вилояти филиалида 4 дона чиллер совутиш тизими (қуввати 612.6 кВт) электр тармоқларига тўғридан-тўғри уланган ва манба яширинча ишлатилган.
Дастлабки ҳисоб-қитобларга кўра, биринчи ҳолатда 567,6 миллион сўмлик электр энергияси ўғринча ишлатилган. Иккинчи ҳолатда эса давлат манфаатига 2 миллиард 182 миллион сўмлик зарар келтирилган.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА