French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаршида ёшлар учун рақамли имкониятлар кенгаймоқда
16:44 / 2026-01-24

Қашқадарё вилоятига хизмат сафари давомида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Қарши шаҳридаги Ёшлар технопаркига ташриф буюриб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Ташриф чоғида технопаркда фаолият юритаётган халқаро IT-компанияларнинг иш жараёнлари, экспортга йўналтирилган хизматлари ҳамда ёшлар бандлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссаси кўздан кечирилди.

Жумладан, хорижий буюртмачиларга масофадан IT хизматлар кўрсатаётган ва ҳозирда 20 нафардан ортиқ ёшларни иш билан таъминлаган “IT-call Qarshi” МЧЖ фаолияти тақдим этилди. Шунингдек, АҚШ бозорига йўналтирилган IT хизматлари орқали 70 нафардан зиёд ёшларни доимий иш билан таъминлаб келаётган “Data Drive” МЧЖ тажрибаси билан ҳам танишилди.

Мазкур компаниялар мисолида Қарши шаҳрида халқаро IT-аутсорсинг, масофавий иш модели ҳамда экспортга йўналтирилган хизматларни ривожлантириш учун етарли имконият ва салоҳият мавжуд экани яққол намоён бўлди.

Энг муҳими, бундай лойиҳалар ёшлар учун барқарор даромад манбаи, халқаро меҳнат бозорига чиқиш, амалий тажриба орттириш ҳамда замонавий рақамли касбларни эгаллаш учун имкониятлар яратмоқда.

Бугун Ёшлар технопарки нафақат замонавий инфратузилма, балки ёш истеъдодлар, халқаро IT-компаниялар ва давлат сиёсатини ўзаро боғловчи муҳим платформа сифатида шаклланиб бормоқда. Бу эса ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ва IT экотизимини кенгайтириш, янги инвесторлар ва иш берувчиларни жалб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Нигора Раҳмонова, ЎзА