Ўзбекистон фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш ҳақидаги Президент қарорига мувофиқ ҳудудларда чақирув ёшидаги фуқароларни миллий армиямиз сафига тантанали кузатиш маросимлари бошланди.
Шу муносабат билан Қарши шаҳридаги сафарбарлик чақирув резерви батальонида муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган ёшларни кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондони, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик ҳамда ёш аскарларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тантанали маросим давлат мадҳияси садолари остида бошланди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳарбий ислоҳотлар, Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди. Таъкидланганидек, ҳарбий хизматни ўташ ҳар бир йигитнинг шарафли ва масъулиятли бурчи бўлиб, у мардлик, фидойилик, интизом ва матонат мактабидир.

Жамоатчилик вакиллари ва ота-оналар Ватан ҳимояси учун хизматга йўл олган йигитларга муваффақият, мустаҳкам ирода ва садоқат тилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2026 йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади. Шунингдек, белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар ҳам шу даврда Қуролли Кучлар резервига бўшатилиши режалаштирилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири