ФОТОРЕПОРТАЖ
Қарши шаҳрининг кузаклари ўз бағрига бетакрор бир илиқликни яширган. Халқимиз азалдан уни “тирама” деб атайди. Тирама – фасллар аро муаллақ турган бир фурсатки, қишнинг муз нафасидан дарак бериб турувчи, табиатнинг сўнгги меҳр тўла қучоғидир. Гўё куз ўрнини қишга бўшатишга шошилмай, инсонлар билан яна бир бор хайрлашиш завқини туяётгандек.
Ўзбек тилининг дурдона изоҳли луғатларида “тирама” кузнинг сўнгги офтобли кунлари, қишдан аввалги илиқлик фасли сифатида таърифланган. Унинг дилдош синоними “тирамоҳ” бўлиб, аксар водий заминларда учрайди. “Тирама” эса жанубий вилоятларда, хусусан, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқандда кенг тарқалган. Бу сўз халқимизнинг сўз бойлигидан адабий тилга кўчиб ўтган бўлиб, кўпинча нуроний отахон ва онахонларимиз тилида эшитилади: “Бу йил тирама узоққа чўзилди”, “Тирама адо бўлди, қиш яқин” каби ҳикматли иборалар эл орасида машҳур.
[gallery-26461]
Тирама – шабада қўлидаги тилларанг барглар, уларни бир зум силаб, кейин тупроққа топширади. У – қуёшнинг сўнгги табассуми, гўё олам билан хайрлашиб, қишга йўл очмоқда. Хазонрезги – умрнинг бевафо ўткинчилиги, ҳар бир япроқнинг ерга тушиши, бир хотиранинг якуни, бир даврнинг сўнгги саҳифаси.
Тирама – кузнинг сўнгги шивири, қишнинг эса ҳали эшитилмаган қадамидир. Бу давр одамлар учун нафақат об-ҳаво, балки руҳий ҳолат, хотира ва ҳаёт фалсафасининг мўъжизасидир. Хазонрезги, майин шабада ва шаҳар кўчаларидаги манзаралар – барчаси вақтнинг ўткинчилиги, гўзал ва такрорланмас лаҳзаларнинг қадри ҳақида ўйлашга ундайди.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА