Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаршида “TalabaEXPO – 2025” касб кўргазмаси ўтказилди
15:02 / 2025-10-11

Қарши давлат университетида “TalabaEXPO – 2025” касб кўргазмаси байрамона руҳда ўтказилди. Тадбир олий таълим муассасаларининг битирувчи талабалари учун меҳнат бозори ва тадбиркорлик имкониятларини яқиндан ўрганиш, иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш майдони бўлиб хизмат қилди.

Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзмиллийбанк” АЖ, Савдо-саноат палатаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда “Келажакка қадам” маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг малакасига мос иш топишда амалий ёрдам бериш, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истовчи ёшларга молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини тақдим этишдан иборат бўлди.

Кўргазма доирасида талабалар учун мавжуд бўш иш ўринлари ва тадбиркорлик йўналишлари тақдим этилди. “Келажакка қадам” дастури доирасидаги кредит маҳсулотлари бўйича маълумотлар берилди, истиқболли бизнес-лойиҳалар қабул қилинди.

[gallery-25703]

“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан банк хизматлари ва маҳсулотлари бўйича тақдимот ўтказилди. Шунингдек, таниқли тадбиркорлар иштирокида мотивацион тренинглар ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари қаторидаги талабалар “Sulton Tex Group” хусусий корхонасида бўлиб, ип йигирув ва ёғ қадоқлаш цехларидаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Кўргазма доирасида “Талаба – келажак” мулоқот майдончалари, юзма-юз суҳбатлар, бандлик ва ижтимоий ҳимоя хизматлари, имтиёзли кредитлар бўйича маслаҳатлар ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилди.

Тадбирда 11 минг 360 нафардан ортиқ талаба иштирок этди. Улардан 3 748 нафари иш берувчилар билан суҳбатдан ўтди, 1 274 нафар битирувчи эса ўзининг келажак иш жойини танлади. Шунингдек, 49 нафар иштирокчи ўз бизнес-лойиҳасини тақдим этди.

“TalabaEXPO – 2025” касб кўргазмаси байрамона концерт дастури билан якунланди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), 

ЎзА мухбирлари