Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаршида қиш манзаралари
14:26 / 2025-12-23

ФОТОРЕПОРТАЖ

Қарши тонги… Атроф сукунатга чўмган. Жимжитлик, дарахтлар муз нафасидан қалтирайди. Аммо бу сукунат заррача ҳам совуқ эмас, аксинча, у эртакнинг сеҳрли дебочаси, ҳайратомуз саргузаштнинг илк саҳифаси. Қор ёғар… Ҳар бир парча гўё осмондан тушган дил сўзлари, табиатнинг сокин, бетакрор қўшиғи.

Шундай оппоқ, беғубор манзара бағрида бир ниҳол – қизил сальвия кўз очган. У қор қоплами остида, аёзли ҳавода ҳам ўз жозибасини, рангини йўқотмаган. Гўё кузнинг сўнгги нафаси, қишга қарши мардонавор курашаётган олов мисол гўзаллик. Гул қишнинг қаҳрига беписанд табассум қилади. Бу – Қарши, бу замин фасллараро дўстлик, меҳр-оқибат маскани. Бу ерда фасллар бир-бирига суянч бўлади, ҳеч қачон инкор этмайди. Қор остидаги гул – бу шаҳар руҳининг ёрқин тимсоли.

Кўчада шодон қийқириқ эшитилди. Бир тўда ўғил-қиз қорбўрон ўйнамоқда. Атроф оппоқ олам, шохларда биллур музлар, ҳавода сокинлик ҳукмрон. Аммо уларнинг кўзларида ҳаяжон, чексиз қувонч уфуриб турибди. Қор уларга – ўйин-кулгу, янги саргузаштлар олами. Қиш – катталар учун қаҳратон бўлса, болалар учун сеҳрли эртакдир.

[gallery-26862]

Қарши қишида ажойиб бир эртак яширин. Бу эртак – болаликнинг шодон кулгуси, гулнинг ҳаётга ташналиги, япроқдаги сабр-тоқат. Бу эртак – оппоқ сукунат қаърида яширин ҳаёт. Ва биз, бу эртак гувоҳлари, ҳар бир қор парчасида алоҳида бир ҳикоя борлигини англаймиз.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА