Мажбурий ижро бюроси томонидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ноқонуний ишдан бўшатилган шахсларни аввалги иш жойига тиклаш ҳамда уларга тегишли иш ҳақларини ундириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Навбатдаги ижро ҳаракатлари Бюронинг Қарши шаҳар бўлими томонидан таъминланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2026 йил январдаги қарорига асосан даъвогарни ўзи ишлаб келган банкнинг Яккабоғ банк хизматлари марказидаги аввалги лавозимига тиклаш ҳамда иш ҳақини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюро иш юритувига қабул қилинган.
Ижро ҳаракатлари давомида банк раҳбариятига суд қарорини ихтиёрий тартибда бажариш бўйича бир неча бор огоҳлантириш берилган. Суд ҳужжати ижросидан бўйин товлангани сабабли масъул шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, суд қарорига мувофиқ, мажбурий прогул даври учун қарийб 39 миллион сўм иш ҳақи ундириш белгиланган. Қарздор ташкилотнинг айрим мол-мулкларига тақиқ қўйилиб, техник воситалари хатланди ва уларни реализация қилиш чоралари кўрилди. Натижада суд қарори ижроси таъминланиб, ходим ўз иш жойига тикланди.
Бундан ташқари, Фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг яна бир қарорига асосан бир фуқаро мазкур банкдаги аввалги лавозимига тикланди. Давлат ижрочилари томонидан ушбу суд қарори ижроси ҳам тўлиқ таъминланди.
Шунингдек, тиббиёт марказининг вилоят филиалида ишлаб келган Ғузор тумани фуқаросини пуллик хизматлар хазиначиси лавозимига қайта тиклаш бўйича ҳам мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Бир неча соат давом этган ижро жараёни якунида суд қарори амалда бажарилиб, фуқаронинг меҳнат ҳуқуқи тикланди.
Мажбурий ижро бюроси томонидан меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд қарорларининг сўзсиз ва ўз вақтида ижросини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири