Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаршида илк бор мураккаб трансплантация жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди
11:49 / 2022-03-07

ФОТОРЕПОРТАЖ

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида мураккаб трансплантация жарроҳлик амалиёти муваффақиятли тарзда ўтказилди.

- Яккабоғлик 41 ёшли бемор аёл Х.М.га "Сурункали гломерулонефрит. Терминал босқич. Сурункали буйрак етишмовчилиги. Симптоматик артериал гипертензия" ташхиси қўйилган эди, - дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Дониёр Турсунов. - Ўн тўрт ой давомида ҳафтасига икки маротаба гемодиализ сеансларини олиб келган аёлга 43 ёшли акаси донор бўлишга - бир буйрагини беришга қарор қилди. Керакли текширувлардан сўнг шифокорлар операцияни Қаршида ташкил этишни режалаштиришди.

Пойтахтдан келган мутахассислар - Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори, тиббиёт фанлари доктори Даврон Тўлаганов, марказ хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Ҳожибоев раҳбарлигидаги 13 кишилик гуруҳ ҳамда марказ филиали вакиллари иштирокида ташкил этилган буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти 7 соатдан ортиқ давом этди.

Амалиёт якунидан сўнг бир неча дақиқа ўтгач, кўчириб ўтказилган буйрак ишлади - пешоб ажралиши кузатилди.

Айни пайтда ака-сингилнинг аҳволи яхши. Улар ва яқинларининг қувончи чексиз.

- Илгари жуда қиммат нархда фақат хорижда ўтказиб келинган мазкур турдаги жарроҳлик амалиётларини 2018 йилдан бошлаб марказимизда бажариш йўлга қўйилди, - дейди профессор Фарҳод Ҳожибоев. - Эндиликда мазкур операцияларни вилоятларда ҳам маҳорат дарси шаклида йўлга қўйишга киришдик. Айрим текширув харажатларини ҳисобга олмаганда операция бепул ташкил этилди.

- Мақсад - тиббиётни халқимизга янада яқинлаштириш, соҳадаги энг замонавий хизматларни вилоят марказида, келгусида туманларда ҳам ташкил этишдан иборат, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаков. - Қувонарлиси, эндиликда вилоятимиз мутахассислари ҳам пойтахтда бу борада малака оширишлари режалаштирилди. Келгусида бундай юқори технологияли мураккаб операцияларни кўплаб ташкил этиш имконига эга бўламиз. Беморларимиз ҳам жуда катта харажат эвазига хорижга ёки пойтахтга бориш ташвишидан қутуладилар. Бир сўз билан айтганда халқимизнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлади. Буларнинг барчаси юртимизда соҳада амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотларнинг самарасидир.

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг 2021 йил 4 октябрь куни қабул қилинган «Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиётини йўлга қўйиш кўзда тутилган. 

[gallery-6030]

Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат) ЎзА