Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаршида афғон уруши қатнашчилари ва ҳарбий фахрийлар хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди
12:18 / 2026-02-18

Ўзбекистон Ветеран жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил топганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Қарши шаҳрида хотира ва эътироф тадбири бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир вилоят ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ вакиллари ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир дастлаб Қарши шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар ва гуллар қўйиш маросими билан бошланди. Унда Ватан тинчлиги ва мустақиллиги йўлида жонини фидо қилган, жумладан, Афғонистон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотираси ёдга олиниб, уларнинг жасорати ва фидокорона хизматларига чуқур ҳурмат изҳор этилди.

Тадбирнинг кейинги қисмида фахрий ҳарбийлар ва афғон уруши қатнашчиларининг мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги хизматлари алоҳида таъкидланди. Шунингдек, уларга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида сўз юритилди.

Тадбир якунида фаол фахрийлар ва афғон уруши қатнашчиларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Байрам дастурхони атрофида давом этган самимий мулоқотларда ўтган йиллар хотиралари ёдга олиниб, тинчлик ва осойишталикнинг беқиёс қадр-қиммати яна бир бор эътироф этилди.

Умуман олганда, мазкур тадбир ўтганларни ёд этиш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз қадрига етиш, шунингдек, ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири