АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов электротехника саноати корхоналарининг 2023 йил якунлари ва 2024 йилнинг устувор вазифалари ҳақида маълумот берди.
Унда айтиб ўтилганидек, 2023 йил якунлари билан электротехника саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқариш ҳажми 23,8 триллион сўмга, экспорт ҳажми эса 1 миллиард долларни ташкил этган. Бунда 68 та мамлакатга 95 та экспортчи корхона томонидан 202 турдаги маҳсулотлар экспорт қилинган. Эътиборлиси, 18 та янги корхона илк маротаба ўз маҳсулотларини хорижга олиб чиқиш имкониятига эга бўлди.
Ўтган йилда Буюк Британия, Германия, Чехия, Франция, БАА каби давлатлар бозори ўзлаштирилди. GSP+ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда миллий электротехника маҳсулотлари Европа бозорига ҳам кириб келди. Биргина Европанинг ўзига экспорт ҳажми 55 миллион долларни ташкил этади.
–Электротехника саноатида мис хомашёси муҳим аҳамиятга эга. Бу борада тизим корхоналари томонидан 85,3 минг тонна мис хомашёси қайта ишланди ва бунинг натижасида 9,4 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, умумий экспорт кўрсаткичининг 605 миллион долларлик қисми мис хомашёси асосида тайёрланган юқори қийматли маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади. Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 191,5 миллион долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Шундан 88,3 миллион доллар маблағ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади.
Бундан ташқари, ҳудудларда жами қиймати 163 миллион долларлик 39 та янги лойиҳа ишга туширилди. Бунинг натижасида 1 минг 925 янги иш ўрни яратилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 25 та халқаро сертификатлар олинди, – деди Н.Толипов.
Тадбирда 2024 йилдаги режаларга алоҳида урғу берилди. Хусусан, ишлаб чиқариш салоҳиятини 20 фоизга ошириш, экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилмоқда. Мис хомашёсини қайта ишлашни 140 минг тоннага етказиш, Оҳангарон туманидаги “Мис кластери”да умумий қиймати 55 миллион долларлик 5 та лойиҳани ишга тушириш шу йилги мақсадлардан. Шунингдек, йил якуни билан Қарши шаҳрида 250 мегаваттли, Нукус шаҳрида 200 мегаваттли қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА