Қашқадарё вилоятининг маркази бўлмиш қадим Қарши шаҳри сўнгги йилларда таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бу ўзгаришлар – кенг қамровли бунёдкорлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва замонавий ландшафт дизайни ишлари натижасидир.
Гулларга бурканган хиёбонлар, яшил майдончалар ва декоратив буталар Қарши ҳавосига баҳор нафаси бағишлаган гўё. Ҳар бир ҳудуддаги ландшафт дизайни ишлари шаҳарга замонавийлик ва уйғунлик бахш этган. Эндиликда, марказий кўчалар нафақат транспорт қатнови, балки пиёдалар сайри учун ҳам қулай ва чиройли масканга айланган.
[gallery-24792]
Сўнгги даврда қурилган янги турар жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар Қаршининг инфратузилмасини бир неча поғона юқорига олиб чиқди. Янгиланган пиёдалар йўлаклари, замонавий хизмат кўрсатиш масканлари ҳамда қулай дам олиш ҳудудлари аҳолининг кундалик ҳаётини янада енгиллаштирмоқда.
Қаршининг кечки қиёфаси бугун том маънода кўзни қамаштиради. Иллюминациялар ва замонавий кўча ёритиш тизимлари шаҳарни ранг-баранг чироқлар билан ёритиб, унга ўзгача жозиба бағишлаган. Ёруғликка бурканган хиёбонлар ва марказий майдонлар сайр қилувчилар учун кечки манзарани байрамона руҳда тақдим этмоқда.
Қарши шаҳридаги бу улкан ўзгаришлар фақат ташқи кўринишни эмас, балки аҳолининг дам олиши, соғлом турмуши ва ижтимоий ҳаётини ҳам сезиларли даражада яхшилаган. Яшил ҳудудлар, замонавий инфратузилма ва ёрқин кечки манзаралар уйғунлиги шаҳарга янги ҳаёт, янги нафас бағишламоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА