Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарши шаҳрида илк светофор 1972 йилда ўрнатилган
13:56 / 2024-02-10

Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи, полковник Азиз Садиров иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят ҳудудида автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида қизиқарли статистик маълумотлар улашилди.

Масалан, вилоятнинг маркази Қарши шаҳрида 1972 йилда илк светофор ўрнатилган. 2022 йилга қадар вилоят ҳудудида 164 та светофор мавжуд бўлган. Ўша йилнинг ўзида 36 та ўрнатилган. 2023 йилда эса 54 та ўрнатилиб, айни пайтда вилоят ҳудудидаги светофорларнинг жами сони 254 тага етган. Бу рақамлар йилдан-йилга йўлларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг сони кескин ортаётганидан дарак беради ва бу йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш, аҳолининг хавфсизлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади. 

[gallery-15902]

Вилоят ҳудудида 2017-2023 йиллар давомидаги йўл транспорт ҳодисаларини таҳлил қиладиган бўлсак, 2017 йилда 793 та ЙТҲ содир бўлган, 776 та тан жароҳати, 223 та ўлим ҳолати кузатилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 478 та (ЙТҲ), 328 та (тан жароҳати), 150 та ўлим ҳолати қайд этилган. Йиллар давомида транспорт воситалари сонининг ошиши, аммо ЙТҲ ва бошқа кўрсаткичлар камайиши тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини белгилайди. 

Шунингдек, тадбир давомида туман ва шаҳар марказларига белгиланган вазн тоифасидан оғир юк автомобилларининг киришини тақиқлаш, серқатнов ва ЙТҲ содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлган йўлларга йўл белгилари, радарлар ўрнатиш, йўлларни ёритиш чироқларини кўпайтириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилди. 

ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари