Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарши давлат университети талабалари халқаро олимпиада ғолиби
12:41 / 2021-08-10

Маълумки, жорий йилнинг 2-8 август кунлари университет талабалари ўртасидаги 28-Халқаро математика мусобақаси (IMC - International Mathematics Competition) онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Ушбу олимпиадада дунёнинг 55 дан ортиқ давлатларидан 592 нафар талаба иштирок этди.

Ўзбекистон терма жамоаси номидан сараланган 17 нафар талаба ҳам ушбу олимпиадада муносиб иштирок этиб, 100 фоизлик натижа кўрсатди. 5 та олтин, 6 та кумуш, 4 та бронза медал ҳамда 2 та фахрий ёрлиқни қўлга киритди.

Ушбу халқаро математика олимпиадаси иштирокчилари орасида Қарши давлат университети талабалари ҳам бор. Улар юрт шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 1 та бронза ва 2 та олимпиада сертификатини қўлга киритди.  

Жумладан, Қарши давлат университетининг физика-математика факультети математика йўналиши 3-босқич талабаси Асрорбек Жабборов ушбу халқаро олимпиадада тенгдошлари қатори иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлди.  

Асрорбек Жабборов университетнинг иқтидорли ёшларидан. У ўз иқтидори ортидан 2020-2021-ўқув йили учун Улуғбек давлат стипендияси танлови ғолиби, 2020 йилда Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган республика онлайн фан олимпиадасида математика (мутахассислик) фанидан 1-ўрин соҳиби бўлган.  

– Яхши натижаларга эришишимда илмий раҳбарим ва устозларимнинг меҳнати катта, – дейди А.Жабборов. – Уларнинг ёрдами билан ҳозирги кунда “Комплекс динамик системалар” соҳаси бўйича илмий изланишлар олиб боряпман. Келажакда математика соҳаси ривожида ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман.  

Шунингдек, 28-Халқаро математика мусобақасида Қарши давлат университетининг физика-математика факультети математика йўналиши 4-босқич талабаси Сардор Саидов ҳамда математика факультети математика йўналиши 3-босқич талабаси Жаҳонгир Холмонов  ҳам қатнашиб, олимпиада сертификатига эга бўлди.

Ўлмас Баротов, ЎзА