Мамлакатимизда сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Тўрткўл туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг “Энг намунали маҳаллий Кенгаш” танловини ўтказиш тўғрисидаги қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини тушунтиришга бағишланган семинар ўтказилди.

Унда халқ депутатлари Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа туман Кенгашларининг котибият мудирлари, доимий комиссиялари раҳбарлари, депутатлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партиянинг масъул ходимлари, партия гуруҳи аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Семинарда танловини ўтказиш тартиби ва “Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини баҳолаш мезонлари” тўғрисида кенг турда тушунчалар берилди. Шундан сўнг, доимий комиссия раислари томонидан амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги, аҳамияти ва тажрибалари юзасидан суҳбатлашилди ва иштирокчилар ўзлари қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман кенгашлари ва улардаги партия гуруҳларининг 2025 йилдаги фаолияти натижалари, шу жумладан, партия дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш ва “бошланғич партия ташкилоти – депутатлик гуруҳи – сессия” тизими бўйича олиб борилган ишлар муҳокама қилинди.
Йил давомида самарали фаолият олиб борган партиянинг Тўрткўл ва Элликқалъа туман кенгашлари раислари ва депутатлар партиянинг Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан ташаккурнома ва совғалар билан тақдирланишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири