Давлатимиз раҳбарининг адлия органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган фармон ва қарорларида адлия органларини ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантириш назарда тутилган.
Мазкур вазифалар ижроси юзасидан Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 23 та маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Уларнинг 22 таси қонунчиликка мувофиқ деб топилган. 1 таси эса қонунчиликка номувофиқлиги сабабли қайтарилган. Бошқарма томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисобига олинган. Ҳисобот даврида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари расмий нашрларда эълон қилинди.
Норматив тусдаги қарорларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказмасдан қабул қилиш ҳолатлари ҳали ҳам давом этмоқда. Хусусан, 2 та ноқонуний норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги аниқланиб, тақдимномалар асосида бекор қилинди.
Ҳуқуқни қўллаш соҳасида жами 6 та идоралар фаолияти ўрганилди. 15 та идораларнинг статистик ҳужжатлари, шунингдек, 83 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилинди. Шундан 83 та қонун ҳужжатларининг ижроси таҳлил қилиниб, ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида 7 маротаба вазирликка таҳлилий маълумотлар киритилди.
Бухоро вилояти адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 1 минг 660 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг 1 минг 480 таси ҳал этилган. Шундан 823 та мурожаат ёки 56 фоизи қаноатлантирилган. Бундан ташқари, 657 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. 24 та мурожаат тегишлигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилган.
Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан жами 431 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 96 та таклиф ва 1 минг 372 та огоҳнома киритилган.
Киритилган тақдимномаларга асосан интизомий жавобгарликка тортилган шахслар сони 161 тани ташкил қилган, 90 та шахслар эса маъмурий жавобгарликка тортилган. Бугунги кунда қолдиқдаги 32 та тақдимнома ва 6 та маъмурий таклифлар тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Тўлқин Очилов,
Бухоро вилояти адлия бошқармаси бошлиғи
ЎзА