Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида Президент қарорлари ижроси ҳамда ҳудудда криминоген вазиятни таҳлил қилиш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи ўрганилмоқда.
Жумладан давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаш йиғилишида берилган топшириқлари ҳамда ҳудудларда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, шу жумладан маиший коррупцияга барҳам бериш бўйича тасдиқланган “Йўл харита”сида белгиланган вазифаларнинг ижроси Чимбой туман тиббиёт бирлашмасида ўрганилди.

Ишчи гуруҳ муассасада беморларга тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштирилганлиги, муассасага коррупциянинг олдини олишга қаратилган чақириқлар, коррупцияга дуч келинганда мурожаат қилиш мумкин бўлган ишонч телефонлари қайд этилган баннер ва плакатлар жойлаштирилганлиги ва аҳолига кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар, бепул бериладиган дори-дармонлар тўғрисидаги маълумотларни барча учун кўринарли жойларга ўрнатилганлиги ҳолатлари билан танишди. Беморлар билан бевосита сухбат ўтказилиб, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, “Электрон рецепт” модули орқали рецептларни электрон шаклда беришни жорий этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Шунингдек Қораўзак туманида қарорлар ижроси бўйича тузилган штаб томонидан амалга оширилган ишлар ўрганилди. “Маҳалла еттилиги” ва ижтимоий профилактикага масъул бўлган мутасаддиларга “Йўл харита"лар ижросини белгиланган муддатларда сифатли таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатма берилди. Жумладан индивидуал профилактик тадбирлар ўтказиш, “намунавий хавфсиз кўча” ва “намунавий хавфсиз йўлаклар”ни ташкил этилишини жадаллаштириш, маҳаллаларни тўлиқ видеокузатув билан қамраб олиш, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, пробацияда турган шахсларнинг ижтимоий муаммоларини мунтазам ҳал қилиб бориш қайд этилди.

Бундан ташқари, тумандаги “Ота макон” маҳалла фуқаролар йиғини фаолларининг мазкур қарорлар ижроси юзасидан амалга ошрилган ишлари бўйича ҳисоботи тингланди.
Тадбир якунида ижтимоий профилактика тадбирлари давомида аниқланган аёллар ва ёшларнинг муаммоларини ҳудудда кичик ишчи гуруҳлар тузган ҳолда “фуқаробай” ишлаш орқали уларнинг бугунги кунда долзарб бўлиб турган мавжуд муаммоли масалаларини қисқа муддатларда қонуний ҳал этилиши юзасидан масъулларга бир қатор топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Ўрганишлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири