“Навоийуран” ДКда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ва ишлаб чиқариш мақсадли параметрларини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширишга бағишланган видеоконференцалоқа шаклида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Корхонада 2030 йилга келиб уран минерал хомашёси базасини 100 минг тоннага етказиш, табиий уран маҳсулотини ишлаб чиқаришни икки бараварга ёки 7100 тоннага ва аммоний перренатини 1,7 баробарга ёки 3700 килограммга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, корхона иқтисодий салоҳиятини тўлақонли намойиш этиш мақсадида уран захиралари ва ресурслари геологияси, уларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар, миллий ва халқаро стандартлар асосидаги молиявий ҳисоботлари бўйича маълумотларни расман эълон қилиш бўйича чекловлар олиб ташланган.

– 2022 йилга мўлжалланган геология-қидирув йўналишида 713 минг метр бурғилаш ишларини бажариш, уран захираларини 6550 тоннага ва ресурсларини 12500 тоннага кўпайтириш бўйича тасдиқланган прогноз кўрсаткичларини танқидий кўриб чиққан ҳолда, белгиланган топшириқларни жадаллаштириш лозим, – деди корхона директори Жаҳонгир Ҳасанов. – 2030 йилга қадар корхона томонидан уран қазиб олиш ва қайта ишлашни кўпайтириш мақсадида қарийб 500 млн/ долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Мазкур инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш учун уларнинг ишчи лойиҳалари, техник иқтисодий асослари ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини пухта, мукаммал тайёрлаш ҳамда инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳа олди ва лойиҳа-ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун хорижий ва маҳаллий консалтинг-лойиҳалаш компанияларини жалб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Йиғилишда “Навоийуран” ДКни ривожлантириш ва трансформация қилиш бўйича “Йўл харитаси”да белгилаб берилган вазифаларни босқичма-босқич бажарилиши юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.
А.Бўриев, ЎзА