Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарор ва ижро: хизматлар кўрсатиш ҳажми янада ортади
17:03 / 2022-06-17

Тошкент вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, айниқса, хизматлар кўрсатиш соҳасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 Президентимизнинг 2022 йил 27 январдаги "Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, мазкур ҳужжат асосида хизматлар кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш учун бир қатор имтиёзлар берилди. 

Вилоятда 2022 йил январь-май ойларида хизмат ва сервис соҳасини ривожлантириш мақсадида 1 минг 403 та лойиҳага 306,3 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган. Натижада хизматлар соҳасида 61 минг 899 та иш ўрни яратилди. Ҳозир вилоятда хизмат кўрсатиш бўйича 32,8 мингта тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Бу жами фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг 58,6 фоизини ташкил этади. Охирги беш йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўзгаришлар таҳлил қилинганда бу йўналишдаги тадбиркорлик субъектлари сони 2017 йилдагига нисбатан 13,3 мингтага кўпайган. 

Вилоятда иккинчи чорак якуни билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий инвестиция дастури доирасида хизмат кўрсатиш соҳасида қиймати 228,5 миллиард сўмлик 57 та лойиҳа ишга туширилади. Бу 619 та янги иш ўрни яратиш имконини беради. Хусусан, шаҳар ва туманларда 24/7 соат ишлайдиган 22 та махсус хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантириладиган марказий кўчаларда йил якунигача 1 минг 159 та савдо, кўнгилочар, гастрономик, туризм ва санъат йўналишига ихтисослашган хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш режалаштирилган. 

Президентимиз раислигида жорий йил 7 июнь куни ўтказилган хизматлар кўрсатишни ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун айрим ҳудудлар қаторида Бекобод тумани ҳокимига нисбатан охирги маротаба ҳайфсан берилган эди. 

Хўш мазкур ҳудудда қандай ишлар олиб борилмоқда? 

– Президентимизнинг видеоселекторда берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида бажарилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олганмиз, – дейди Бекобод тумани ҳокими Фурқат Худойбердиев. – Бугунги кунда ҳудуддаги жами 6 минг 258 нафар ишсиз фуқароларимизнинг 2 минг 150 нафарини хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали бандлигини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Жумладан, хизмат ва сервис соҳасини ривожлантириш юзасидан 334 та бўш турган ер майдонларини “Е-Аукцион” савдоларига чиқариш ва уларда хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш орқали  мингта иш ўрни яратилади. 

Амалга ошириладиган мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида хизмат кўрсатиш ҳажми йил якуни билан 934,1 миллиард сўмга (148,2%) етказилиб, аҳоли жон бошига хизмат кўрсатиш ҳажмини 7,5 миллион сўмга кўпайтиришга эришилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур ҳудудда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш бўйича қулай имкониятлар мавжуд. Жумладан, Тошкент-Бекобод серқатнов автомагистраль йўл ёқаларида ҳар 7-8 километр масофада намунавий лойиҳа асосида кичик савдо нуқталари ҳамда ақлли бекат лойиҳаларини амалга ошириш мумкин. Туманда замонавий бозор ташкил этиш орқали 1 минг 200 та иш ўрни яратиш имкони мавжуд. 

Шундай экан мавжуд шароит ва қулайликлардан унумли фойдаланиш зарур. Бу аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, саноат тармоқлари иқтисодий шароитини яхшилашга хизмат қилади. 

А.Мусаев,ЎзА.