Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарор ва ижро: озиқ-овқат хавфсизлиги энг муҳим вазифа
18:16 / 2022-10-04

Президентимизнинг 2022 йил 8 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган дастурни тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори ижросида бўйича мамлакатда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш, бу орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш учун муҳим вазифалар белгиланди.

Бунинг учун жойларда чорвачилик тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган дастур” тасдиқланди. Хўш мазкур ҳужжат бўйича ҳозир Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар самарали бўляптими? Ҳудудда аҳолининг сифатли маҳсулотларга эҳтиёжини таъминлаш борасидаги ишлар қай даражада? Кичик ўрганишлар асосида таҳлил қилиб кўрамиз.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, айни пайтда вилоятда жами 15,1 миллион бошдан ортиқ парранда боқилади. Шундан асосий қисми аҳоли хонадонлари парваришланади. Йилига ўртача 1,5 миллиард дона тухум ва 100 минг тонна парранда гўшти етиштирилади. Жойлардаги 18 та паррандачилик корхонаси 70 – 85 фоиз қувватда ишламоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, йил охиригача тухум етиштиришни жами 1,7 миллиард донага, парранда гўшти етиштиришни 123 минг тоннага (қўшимча 23 минг тоннага) етказиш режалаштирилган.

Бу жараёнда аҳолининг ўзи ташаббус кўрсатиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантирмоқда. Масалан, Юқори Чирчиқ тумани "Истиқбол" маҳалласида яшовчи Гулмира Мансурова илгари "Аёллар дафтари"да туриб, 5 йил давомида ушбу соҳа сирларини ўрганди. Бугунги кунда тадбиркор аёл раҳбарлик қилаётган “Етказиб берувчи” беданачилик фаолияти билан шуғулланувчи оилавий корхона томонидан кооперация асосида 50 та иш ўрни яратилди ва маҳалладаги аёллар бандлиги таъминланди.

Қибрай туманда эса "Бир маҳалла бир маҳсулот" лойиҳаси бўйича кооперация усулида паррандачиликни ривожлантириш, аҳолини товуқ гўшти билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. "Шароф Рашидов" номли паррандачиликка ихтисослаштирилган корхона томонидан 24 та маҳалладаги 135 та хонадонга 15 минг дона парранда ҳоким ёрдамчилари кўмаги билан беғараз тарқатилди. Маълумот ўрнида, паррандачиликни ривожлантириш мақсадида тасдиқланган дастурга асосан туманда аҳоли хонадонларига 110 минг дона парранда етказиб бериш белгиланган бўлиб, бугунги кунга келиб 200 минг бошга яқин парранда етказиб берилди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган 580 та балиқчилик хўжаликлари томонидан жами 14 минг гектар шундан, 9 минг гектар сунъий сув ҳавзалари ва 5 минг гектар табиий кўлларда балиқ етиштирилмоқда. Йил якунига қадар 48,4 миллиард сўмлик 15 та лойиҳалар ишга туширилиши ҳамда хонадонларда интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилиши натижасида 65 минг тонна балиқ етиштирилди. Хусусан, Янгийўл туманида Қўшёғоч маҳалласида жойлашган 270 гектар майдонда ташкил этилган ҳовузларда етиштирилаётган балиқлар ҳозир Тошкент вилояти ва пойтахт аҳолисини парҳезбоп гўшт маҳсулотлари билан таъминламоқда. Оилавий тадбиркор Отабой Аллаберганов 55 йилдан буён балиқчилик йўналишида фаолият юритади. Шу кунгача у 40 кишини иш билан таъминлади.

Бугунги кунда вилоятда мазкур соҳа билан шуғулланаётган тадбиркорларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 13 январдаги “Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республикада илк балиқчиликка ихтисослашган илмий лаборатория фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерга турли хилдаги балиқлар олиб келинади ва қандай шароитда яшай олиши, турли ҳажмли кўлларда қанча балиқ боқиш мумкинлиги ва шу каби омиллар ўрганилади. Ҳар бир тажриба камида уч ой давом этади. Лаборатория Беларусь Республикаси қишлоқ хўжалиги фанлар академияси балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда фаолият юритади.

Балиқчилик илмий-тадқиқот институти директори Абдулла Қурбоновнинг айтишича, ҳозирда озуқалар бўйича алоҳида, балиқларнинг иқлимга мослашиши, шунингдек, сув ҳавзасида балиқларга кислород етказиб бериш бўйича илмий текширувлар олиб борилмоқда. Лабораторияда қирққа яқин ходим фаолият олиб бормоқда. Асосий мақсад маҳаллий бозор расталарида сифатли ва ҳамёнбоп балиқ маҳсулотлари етказиш ва хориж давлатлари билан ҳамкорлик қилишдир.

А.Мусаев, ЎзА.