Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарор ва ижро: Оҳангаронда саноат корхоналари кўпаймоқда
19:50 / 2022-10-23

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида инвестиция ва ташқи савдо йўналишида жорий йилнинг 9 ойида қилинган ишлар юзасидан медиа-тур ўтказилди.

Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “2021-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманини комплекс ижтимоий иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилган умумий қиймати 10,8 триллион сўм бўлган 342 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг амалга оширилиши туфайли 13 минг 192 та янги иш ўрни яратилади. Ҳозир туманда ишсизлар сони 3 минг 785 нафарни ташкил этмоқда.

Туман ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Ғолиб Эшмирзаевнинг таъкидлашича, йил бошидан буён фаолият юритаётган саноат тармоқларида 6 минг  571 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Ҳозиргача жойларда яна 11 та лойиҳа ишга туширилди.  

Медиа-турда дастлабки манзил “Убайд” МФЙ ҳудудидаги гипс ва гипс маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Aslanyapi” хорижий корхонаси бўлди. Мазкур лойиҳанинг қиймати 10 миллион долларига тенг бўлиб, йилига 100 минг тонна 4 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Унинг 40 фоизи қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига экспортга йўналтирилади. Ҳозирда корхонада 80 та янги иш ўрни яратилган. Тайёрланган қурилиш маҳсулотлари мунтазам сифат назоратидан ўтказилади. Бунинг учун лаборатория фаолияти ташкил этилган.  

– 20 йилдан буён шу соҳада фаолият юритаман, – дейди корхонанинг туркиялик мутахассиси Али Гулсевен. – Бундан аввал Судан, Озарбайжон, Россияда шу лойиҳани амалга оширдик. Айнан Тошкент вилоятидаги мазкур корхонанинг афзаллиги шундаки, маҳаллий хомашёдан фойдаланилади. Иш жараёнида эса биз шу ерлик ёшларга ишлаб чиқариш жараёнларини ўргатяпмиз.  

Шундан сўнг журналистлар “Ёнариқ” маҳалласидаги “Xinyuan Building Materials Company” МЧЖ томонидан замонавий қурилиш материаллари тайёрлаш жараёнларини ўрганди. Корхона йилига 1 500 кубметр газоблок ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун хориждан 2 миллион доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Ҳозир бу ерда 50 та янги иш ўрни ташкил этилди.  

Пресс-тур иштирокчиларининг охирги манзили 2022 йилнинг июль ойида Покистон давлатининг “Tahir Asad Industries”  корхонаси билан ҳамкорликда ишга туширилган “Pak-Merit bleaching clay” қўшма корхонаси бўлди. Бу ерда Марказий Осиёда ягона активлаштирилган оқартирувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қуйилган.

Корхона йилига 10 минг тонна озиқ-овқат, ўсимлик ва саноат ёғ-мойларини оқартириш, тозалаш ва фильтрлаш учун ишлатиладиган фаоллаштирилган оқартирувчи гил маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлатилаётган хомашёлар ҳудуддан олинмоқда. Ҳозир ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.  

ОАВ вакиллари ишлаб чиқариш тармоқларида яратилган шароитларни кўздан кечирди. Мутахассислар билан суҳбатда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.  

А.МУСАЕВ, ЎзА