Беруний туманида дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг атрофларидаги майдонларда, аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини ташкил қилиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Унда Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларидан Карантин агентлиги, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва бошқа бир қатор қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, деҳқон-фермерлар ва томорқа ер эгалари иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, белгиланган имтиёзлар тушунтирилиб, дала чети ва коллектор-дренаж атрофларидан самарали фойдаланиш, экилган мева кўчатлари ва полиз экинлари парвариши хусусида ҳам маълумотлар берилди. Семинарда шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперацияларини ташкил этиш ва юритиш, деҳқон, фермер, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва экспортчиларни еdu.Karantin.uz онлайн ўқув курслари ўқитиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Президент қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси туманларида дала четларидаги 905 гектар майдонга 890 минг дона мевали кўчат экиш режаси тасдиқланган бўлиб, жумладан, 453 гектар майдонга 385 минг дона олча, 91 гектар майдонга 77 минг дона беҳи, 27 гектар майдонга 30 минг дона узум, 181 гектар майдонга 91 минг дона чилон жийда, 154 гектар майдонга 308 минг дона тут мевали дарахтларини экиш белгиланган. Шунингдек, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофига, режага асосан, 99 гектар майдонга 97 минг дона мевали кўчат, жумладан 49 гектар майдонга 42 минг дона олча, 10 гектар майдонга 8 минг дона беҳи, 3 гектар майдонга 3 минг дона узум, 20 гектар майдонга 10 минг дона чилон жийда, 17 гектар майдонга 34 минг дона тут мевали дарахтларини экиш режалаштирилган эди.

Бугунги кунга келиб, Қорақалпоғистон Республикасида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан дала четлари, суғориш, каналлар ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экспортбоп мевали дарахт кўчатлари экилиб, белгиланган режа тўлиқ бажарилди.

Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, 2025 йилда Беруний туманида дала четларидаги 101 гектар ҳамда суғориш ва коллектор-дренаж атрофидаги 8 гектар майдонларга мева кўчатлари, полиз экинлари, сабзавотлар ва дуккакли ўсимликлар экилган. Улар ҳудудларга бириктирилган фитосанитар назорати давлат инспекторлари томонидан мониторингдан ўтказилиб, унинг натижалари бўйича маълумотлар “Е-фито” дастуридаги “Дала назорати” платформасига тўлиқ киритилиб, рўйхатга олинган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири