Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб Президентимизнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 26-27 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига амалга оширган ташрифи ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.
Ушбу масала бўйича Сурхондарё ҳудудидан сайланган депутат Абдулҳаким Эшбоев сўз олиб, давлатимиз раҳбарининг мазкур ташрифи кутилганидан ҳам самарали бўлганини қайд этди. Бунинг исботини умумий қиймати 7,1 млрд. доллар бўлган 44 та лойиҳа ишга туширилгани ва бошланганидан ҳам кўриш мумкин.
Қайд этилганидек, ўтган даврда ҳудудда мисли кўрилмаган ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилди. 5 миллиард долларлик 8 мингдан ортиқ лойиҳа ишга тушди. Хитой, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Австрия, Венгрия каби давлатлар билан инвестиция ва савдо бўйича яна 10 миллиард долларлик келишувларга эришилгани ҳудуд равнақида муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, йиғилишда Сурхондарёда сўнгги тўққиз йилда боғча қамрови 28 фоиздан 68 фоизга ошгани, 23 та янги мактаб қурилиб, яна 448 таси таъмирлангани алоҳида қайд этилди.
Бу даврда қурилган 688 та кўп қаватли уйлар ҳудуд кўркига кўрк қўшиш баробарида 32 минг оиланинг уй-жойли бўлишини таъминлади. Туманларда барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массивлари аҳоли вакилларини янги уй-жойлар билан таъминлаш ҳамда ҳудудлар қиёфасини янгилашда муҳим ўрин тутади.
Муҳокамаларда ҳудуддаги масала ва муаммоларни ҳал этиш, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда депутатлар ҳам фаоллик кўрсатиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари ҳам муҳокама қилинди. Маълумки, 26-28 февраль кунлари парламент қуйи палатаси депутатлари сайлов округларида бўлиб қайтди. Хусусан, фракция аъзолари 299 та объектда бўлиб, аҳоли билан 230 та учрашув ўтказди.
[gallery-27926]
Учрашувларда сайловчилар томонидан жами 199 та масала кўтарилган бўлиб, 59 таси, яъни 29,6 фоизи жойида ҳал этилди. Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп масала таълим, соғлиқни сақлаш ва маҳаллалар фаолияти бўйича бўлгани таъкидланди. Таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари билан бирга, коммунал хўжалиги ва маданий мерос соҳаларида республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар аниқлангани айтиб ўтилди.
Муҳокамаларда депутатларнинг жойлардаги ўрганишлари самарадорлигини ошириш, партия электорати манфаатлари ҳимоясига қаратилган муаммолар ечимига устувор аҳамият қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Муҳтарама Комилова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА