Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарийб 30 йиллик тажрибага эга фермер аёл аграр соҳада изланишдан чарчамайди
16:03 / 2023-10-18

Бугунги кунда юртимиз аёлларининг барча соҳа ва тармоқлардаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг фаоллигини ошириш, иш билан бандлигини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Ушбу йўналишдаги ислоҳотлар натижасида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги иштироки кенгаймоқда, бошқарув ва раҳбарлик лавозимларидаги улуши ҳам йилдан-йилга ортиб бораётир.

Айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган хотин-қизларимиз орасида энг йирик соҳа бўлган қишлоқ хўжалиги секторларида фаолият олиб бораётганлари талайгина. Юртимиздаги мавжуд 85 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг 6,5 фоизига аёллар раҳбарлик қилмоқда.  

Ана шундай фермер аёллардан бири — Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги “Орзу” фермер хўжалиги раиси, “Йил аёли” кўрик-танлови соҳибаси Холзода Солиева қарийб 30 йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб келади.  

Фермер опа билан суҳбатимиз фермерлик фаолиятидаги ютуқлар, келгусидаги режалари хусусида кечди.  

—  “Орзу” фермер хўжалигимизни 1994 йилда ташкил этганмиз. Асосий йўналишимиз пахта ва ғалла етиштириш ҳисобланади, — дейди Холзода Солиева. — 2017 йилда Президентимизнинг тегишли фармонига асосан, фермер хўжалигимизни кенг тармоқли хўжаликка айлантирдик. Ҳозирда хўжалигимизнинг 100 гектар ер майдонида пахта, ғалла, чорвачилик, қушчилик, доривор ўсимлик плантацияси йўналишларида иш олиб бормоқдамиз.  

2023 йили март ойида Жаҳон банкининг Оролбўйи минтақасининг иқлимини юмшатишга қаратилган лойиҳаси бўйича ўз бизнес-режам билан қатнашдим. Бунда 600 миллион грант ютиб олдим ва ушбу маблағ эвазига 8 гектар ер олиб, боғ барпо этдик. Овулдаги 13 та кам таъминланган оила вакилларини иш билан таъминладик.  

— Фермер хўжалигингизда жами қанча ишчи бор?  

— Фермер хўжалигимизда жами 65 нафар аёл-қиз ишчиларимиз ишлашади. Овул аҳолисининг аксарияти асосан мавсумий ишлар билан банд бўлади. Уларни доимий иш билан таъминлаш мақсадида бир қатор режаларни ният қилиб турибмиз. Хусусан, 2024 йилда кам таъминланган оилаларнинг 14 нафар хотин-қизларига 40 сотихдан боғ ажратиб беришни режалаштиряпмиз. Бу боғ ҳосилга киргунга қадар унинг ичида полиз ва сабзавот экинларини экиб фойдаланиш мумкин. Бу эса аёлларимизга ўз оиласига даромад олиб кириш имконини беради.  

— Сув танқислиги шароитида ер билан ишлашда қийинчиликлар юзага келмаяптими? Бу борада қандай чоралар кўраяпсиз?  

– Албатта, сув танқислиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда 2024 йилда ер майдонларимизда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилишни режалаштиряпмиз. Буни 600 миллион грант маблағларимиз ҳисобидан амалга оширамиз.  

— Келгусида яна қандай янгиликларни амалга оширишни мақсад қиляпсиз?  

— Президентимиз бир ташрифи давомида “овул халқининг турмуш даражасини юксалтиришимиз керак, бунинг учун овулга саноатни олиб кириш керак”, деган эдилар. Давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрлардан руҳланиб, банк кредити ҳисобидан овулимизда ун заводи қуришни режалаштиряпман. Ўзимизда унган буғдойни қайта ишлаб, ун тайёрлаш ҳамда нон ва нон маҳсулотларини тайёрлаб сотишни йўлга қўйиш ниятидаман. Ун заводини барпо этсак, чорвачиликни ривожлантириш учун ем базасини шакллантиришга ҳам имкон беради. Бундан ташқари, овул халқини йил-ўн икки ой давомида иш билан таъминлаш имконияти юзага келади.  

— Аграр соҳада ишлаш аёл кишига қийин эмасми?  

— 29 йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораман. Ўзим шу соҳада техникумни тугатиб, иш бошлаганман. Юртимизда биз аёлларга яратилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда янгидан-янги натижаларга эришишга, фаол бўлишга интиламан. 2021 йилда “Йил аёли” кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиб, Президент совғаси — Жентра автомобили билан мукофотландим. Бу ушбу соҳадаги фаолиятимга янада ғайрат бағишлади.  

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча эришган натижаларим ва ютуқларимда, албатта, оиламнинг кўмаги катта. Айниқса, турмуш ўртоғим хўжалик ишларимизда доим қўллаб-қувватлаб келади. Ўзлари биология бўйича фан номзоди. Шунинг учун ҳам ўз тажрибасидан келиб чиқиб, аграр йўналишдаги ишларимизда ёрдам беради. Эндиликда ўғлим ҳам қанотимга кириб, ишларимизни давом эттиришда кўмакдош бўлаяпти. Умуман, бугун биз хотин-қизларга кўрсатилаётган эҳтиром ва эътибор янада ғайрат билан ишлашга, янги ғояларни татбиқ этишга ундайди.  

Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.

ЎзА