Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарийб 3 мингта давлат иштирокидаги корхона фаолияти ўрганилди
19:45 / 2020-11-23

2020 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Фармон ва ижро

Ушбу фармон ижросидан кўзланган мақсад давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини яратишга имконият очишдир.

– Шу йилнинг 28 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар белгилаб олинди, – деди Давлат активларини бошқариш агентлигининг Давлат активларини савдога чиқариш департаменти раҳбари Нодир Арзиқулов. – Иқтисодиётда давлат улушини қисқартиришга доир аниқ таклифлар ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида 8 та ишчи гуруҳ ташкил этилган эди. Мазкур ишчи гуруҳларга давлат иштирокидаги ҳар бир корхона фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиб, уларни 4 та тоифага бўлиш ва ҳар бири бўйича 2020 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳамда уларнинг масъул ижрочилари ва бажариш муддатлари аниқ кўрсатилган “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Ишчи гуруҳлар томонидан самарасиз фойдаланилаётган деб топилган 2965 та давлат иштирокидаги корхона фаолияти ўрганилди.

– Фармон билан корхоналарда корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этилади, – деди Давлат активларини бошқариш агентлигининг Давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятларида корпоратив муносабатлар департаменти раҳбари Алишер Миралиев. – Бунда 39 та давлат иштирокидаги корхоналар киритилган. Жараёнда корхонанинг тизим ташкилотлари рўйхатини, уларнинг молиявий аҳволи, даромадлилиги, корхона фаолияти соҳасига мувофиқлиги, корхонанинг бўш турган, ихтисосли бўлмаган активлари рўйхатини ва уларни сақлаш харажатлари, корхона кузатув кенгаши ва ижроия органи таркибини таҳлил қилиш, жумладан, мустақил аъзолар ва хорижий мутахассислар мавжудлиги каби талаблар асосида корпоратив бошқарувни жорий этиш ишлари амалга оширилади. Молиявий аудит ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган ишларга тўхталадиган бўлсак, корхоналарда молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш бўйича алоҳида бўлинма жорий этиш, Халқаро кредит рейтингларини олиш графигини ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳар бир корхона бўйича молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш ҳамда ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш каби бир қатор вазифалар қўйилган.

Шу билан биргаликда, давлат активларини сотиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ҳам муҳим масалалардан. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 февралдаги фармонига асосан давлат мулки объектларини сотиш бўйича савдолар “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида амалга оширилади.

Тартибга кўра, давлат кўчмас мулки объектларини сотиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва ўз ваколатлари доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари (умумий майдони 2000 квадрат метрдан ортиқ, лекин 5000 квадрат метрдан кўп бўлмаган), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг (умумий майдони 2000 квадрат метргача) қарорларига асосан “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида ташкил этилади.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази директори Муҳиддин Хўжаевнинг маълум қилишича, Электрон онлайн-аукционларда қатнашишнинг ҳам маълум талаблари бор. Унда дастлаб рўйхатдан ўтиш, аккаутни активлаштириш, банк орқали депозит ҳисобварағини тўлдириш, электрон рақамли имзо олишга ариза бериш кабилар шулар жумласидандир. Давлат мулки объектларини сотиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июндаги 454-сон қарори асосида амалга оширилади. Бунда баҳоланган нархи бўйича давлат кўчмас мулк объектлари 2 ой давомида нархни ошириб бориш шаклида савдоларга чиқарилади. Дейлик, ушбу белгиланган муддатда давлат мулки объектлари сотилмаса, давлат мулки объектларини савдога қўйиш нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўлланилади. Аукционга қўйилган бошланғич нархининг 50 фоизига етгунча, ҳар 15 кунда аукционга қўйилган бошланғич нархдан 10 фоизга камайтирилиши мумкин.

Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг "Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони юртимизда инвестиция муҳитини яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга яна бир имконият эшигини очади. Давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятида ҳам замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, яна энг муҳими, жараёнга хусусий капитални жалб қилиш имконини яратиб, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш эвазига рақобатбардошликни таъминлашда ушбу ҳужжат ижроси жуда муҳимдир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА