Қарийб 18 минг фуқарога "Саховат ва кўмак" ёрдами берилди
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди Сирдарё вилояти бошқаруви, унинг туман ва шаҳар бўлинмалари қошида фаолият кўрсатаётган "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан жорий йил 9 ойи давомида 17 минг 795 нафар фуқарога 9 миллиард 958 минг 310 сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.
– Вилоятда истиқомат қилаётган, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз фуқароларга ва эҳтиёжманд оилаларнинг 9 минг 173 нафарига истеъмол моллари сотиб олиши, соғлигини тиклаши учун дори-дармон воситалари ва бошқа эҳтиёжлари учун фонднинг "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард 456 минг сўмлик ёрдам берилди, – дейди фонднинг Сирдарё вилоят бошқаруви раиси Баҳодир Тўхтасинов. – Эзгу ишлар давом этмоқда.
Бу борадаги хайрли ишлар нафақат Сирдарёда, балки республикамиз бўйлаб давом этяпти. Кимдир фонднинг "Саховат ва кўмак" жамғармаси пул маблағлари ҳисобидан муаммоларидан қутилаётган бўлса, яна кимдир соғлигини тиклаб, яхши ният билан эртанги кунга қадам қўйяпти.
Ш.Суяров, ЎзА