Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарийб 17 миллион долларлик ёғ-мой маҳсулотлари экспорт қилинди
10:40 / 2021-11-10

Мамлакатимизда ёғ-мой тармоғини ривожлантириш, аҳоли эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва тайёр маҳсулот ассортиментини кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Республика ёғ-мой саноати соҳасида бугунги кунда 250 дан ортиқ стандартлар қўлланилмоқда. Шундан 80 таси тайёр маҳсулотлар учун меъёрий ҳужжатлар, 35 таси халқаро стандартлар ва 135 таси намуна олиш ва синов усулларига оид ҳужжатлардир. Ушбу стандартлар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ички истеъмол бозорига сифати юқори маҳсулотлар етказиб берилишини таъминлайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 200 дан ортиқ йирик ва кичик ёғ-мой корхоналари мавжуд. Улар томонидан 60 турдаги ва 200 дан ортиқ ассортиментдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ёғ-мой корхоналарининг асосий хомашёси пахта чигити ҳисобланиб, йилига ўртача 1,2 миллион тонна техник пахта чигити қайта ишланади ҳамда 200 минг тонна атрофида пахта ёғи ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, йилига маҳаллий шароитда мойли хомашё етиштириш ҳамда соя ва кунгабоқар донларини импорт қилиш ҳисобига 90-95 минг тонна атрофида ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилиб, аҳоли истеъмоли учун етказиб берилмоқда.

Ишлаб чиқарилаётган ёғ-мой маҳсулотлари ҳажми йилдан-йилга ошиб боришига қарамасдан аҳоли сони ва саноат эҳтиёжлари ошиши натижасида ўсимлик мойларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Жорий йилнинг октябрь ойида “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси тизимидаги корхоналар томонидан 2,8 миллион долларлик саноат маҳсулотлари экспорт қилинди. Натижада 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида экспортга йўналтирилган ёғ-мой маҳсулотларининг умумий қиймати қарийб 17 миллион долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган 10 ой учун белгиланган прогноз кўрсаткичининг 105,4 фоизга бажарилганлигини кўрсатади.

Уюшма томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ушбу даврда ёғ-мой маҳсулотлари асосан Тожикистон (11,3 миллион доллар), Туркманистон (2,8 миллион доллар), Қозоғистон 1,4 миллион доллар), Афғонистон (892 минг доллар) Қирғиз Республикаси (406,8 минг доллар)га экспорт қилинган. Бундан ташқари, Россия, Грузия, Туркия, Монголия, Озарбайжон, Корея ва АҚШ давлатларига ҳам ёғ-мой маҳсулотлари экспорт қилинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА