Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қариялари қадрланган юртнинг – қадри баланд бўлади
21:06 / 2022-11-15

Ноябрь – “Кексалар учун туризм ойлиги”

Кексалик – инсон умрининг ўзига хос даври. Нуроний отахон ва онахонларимиз ҳаётининг кўнгилдагидек кечиши кўп жиҳатдан фарзандлар ва ҳар биримизнинг самимий ва меҳрибон муносабатимизга, одамийлигимизга боғлиқ.

Қариси бор уйнинг париси бор, дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, ёши улуғ инсонлар бор оилаларга бориб улар билан мулоқотда бўлсангиз, бу уйда ўзингизни гўёки, фаришталар билан ўтиргандек, суҳбат қургандек ҳис қиласиз.

Биз кексаларимизга қанча эътибор қаратсак, қанчалик ғамхўрлик қилсак, уларни умрлари шунча узаяди, қут-барака фаришталари ҳам нуронийлари бор жойда қўним топади. Эрта бир кун қариганимизда фарзандларимиз, ёшларимиз бизга ҳам худди шундай муносабатда бўлиб, эъзоз кўрсатади, қадрлайди.

Шу сабабдан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майда “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлса ажаб эмас. Чунки кекса, нуроний, қарияларини қадрлаган юрт – қадрли бўлади.

Ҳукуматнинг 2020 йил 28 майдаги юқорида номи зикр этилган 340-сонли қарорига асосан 3 йилдирки мамлакатимизда ноябрь ойи – “Кексалар учун туризм ойлиги” сифатида ўтказиб келинмоқда.

Ана шу ойлик муносабати билан Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Нуронийларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кекса отахон ва онахонларни мамлакатимиздаги кўҳна, гўзал ва бетакрор шаҳарларимиздаги зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, янгидан барпо этилаётган улкан қурилиш объектларига саёҳатларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда, Нуронийларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Зомин туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ отахону онахонларнинг Тошкентга саёҳати уюштирилди.

Зиёратга қамраб олинган 50 нафарга яқин зоминлик нуронийлар Тошкент саёҳатини “Занги ота” зиёратгоҳидан бошлади. Шунингдек, саёҳат давомида Тошкент шаҳридаги “Хотира хиёбони”, “Янги Ўзбекистон боғи”, “Тошкент сити” каби диққатга сазовор жойларни ҳам томоша қилдилар. Тошкентга саёҳат Зомин тумани нуронийларида катта таассурот қолдирди.

[gallery-9592]

Нуронийларнинг дуоларини олиш, уларга маънан далда бўлиш мақсадида Зафаробод тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ёши улуғ нуронийлар ҳам Тошкент шаҳрида бўлиб, ушбу саёҳат давомида тараққий этаётган юртимиз тинчлигига кўз тегмаслигини, осмонимиз мусаффолигини, халқимиз фаровонлигини, қариялари қадрлаётган юртнинг Юртбошиси завол кўрмаслигини Яратгандан сўраб дуолар қилди.

Нуронийларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташкил этилган ушбу саёҳатга 30 нафардан ортиқ зафарободлик нуронийлар қамраб олинди.

Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманлари отахону онахонлари Нуронийларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Кексалар учун туризм ойлиги” давомида Хива, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Қўқон, Андижон ва бошқа шу каби мамлакатимизнинг кўҳна ва ҳамиша навқирон ҳамда тобора гуллаб яшнаб бораётган шаҳарларини диққатга сазовор масканлари, боғ ва хотира майдонлари, муқаддас қадамжолари, тарихий обидалар, янгидан барпо этилган қурилиш объектларига саёҳат уюштириш “йўл харитаси” тузилиб, унга кўра белгиланган жадвалга кўра зиёратлар амалга оширилмоқда.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА