English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қариси бор уйнинг париси бор
10:15 / 2021-10-07

Шу кунларда барча ҳудудларда бўлгани сингари Наманган вилоятида ҳам “Кексалар ҳафталиги” тадбирлари қизғин руҳда давом этмоқда.

Хусусан, Тўрақўрғон туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан шу йил 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” шиори остидаги “Кексалар ҳафталиги” доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилди.

Ушбу хайрли саъй-ҳаракатлар кекса-нуронийлар билан учрашувлар, уларнинг оилавий шарт-шароитлари билан танишиш, якка-ёлғиз яшаб келаётган кексалар уйларини тозалашда ҳашар ташкил қилиш билан бошланди.

Уларда Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раиси, Олий Мажлиси Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов, Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайхо Маҳкамова, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Аҳмаджон Мукаррамов ва мутасадди ташкилотлар вакиллари бош-қош бўлди.

Даставвал, Тўрақўрғондаги Ҳамид Олимжон номли маҳалла фуқаролар йиғинида якка-ёлғиз яшовчи кекса аёл Комила Мирабдуллаева йўқланди. Онахон гарчи, бир ўзи турсада, қўни-қўшнилар, маҳалланинг ёшу-қариси асло ёлғизлатиб қўймайди, эртадан кечгача онахонга ҳурмату эҳтиром ва хизматда бўлишади. Комила Мирабдуллаеванинг хонадонида қандай юмуш тўпланиб қолса, аҳил қўшнилар мушкулларини осон қилиб, нуронийнинг оғирини енгил қилиб, келмоқда.

Бирлашган маҳалласида истиқомат қилувчи 90 ёшни қоралаган Абдурашид ота Расулов ўтган йили инсульт касаллигига чалиниб қолгандан сўнг, юриш ва ҳаракатланишда қийинчиликка дуч келмоқда. Отахоннинг фарзандлари унинг атрофида гирдикапалак бўлишса-да, ҳовли ва кўчага чиқиб айланишда қийинчилик юзага келаётганди. Айни шу сабабли Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан отахонга ногиронлик аравачаси, ҳасса, китоблар ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.

Ушбу маҳалланинг яна бир дуогўй мўйсафидларидан бири, 92 ёшга кирган Ҳабибулло Маврулов нафақага чиққунига қадар халқ хизматида астойдил меҳнат қилган, шунинг учун отахонни маҳаллада ёшу-қари бирдек эъзозлайди. Отахон оиласига ҳам ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари, бадиий китоблар ва зарур кундалик озиқ-овқатлар топширилди.

Калвак маҳалласининг намунали хонадон соҳбиларидан саналган Исоқжон ота Лутфиддинов ва Шарофатхон ая ярим асрдан кўп вақт оила бўлиб, тўрт ўғил ва икки қиз фарзандларини эл хизматига етказиб берди. Фарзанду набиралар ардоғида умргузаронлик қилишмоқда. Отахон деҳқончилик билан шуғулланган. Бу файзли хонадонда 21 набира ва 22 эвара қувнаб, яйрамоқда. Мўътабар отахон ва онахон маҳалла тинчлиги, оилалар фаровонлиги, ёшлар тарбиясида ўгитлари билан муносиб ҳисса қўшиб келишаётир.

Ушбу файзли оилага ҳам “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари ва китоблар жамланмаси тақдим этилди.

Тўрақўрғондаги 3-сонли умумтаълим мактабида туманда истиқомат қилаётган отахон ва онахонлар билан уюштирилган учрашув самимий руҳда кечди.

Вилоят Нуронийлар кенгаши раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, бунинг самараси, биргина Исҳоқхон Ибратга бешик бўлган замин - Тўрақўрғон мисолида анча бўй чўзаётганини ҳаётий мисоллар билан гапириб берди.

24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг аҳамияти, айниқса, яқин келажагимиз учун муҳим ўрин тутишини айтиб, муҳим сиёсий тадбирда барчани фаол иштирок этишга чорлаб, бу борада нуронийларни намуна бўлишга чақирди.

Учрашув якунида мактаб зиё масканига сенатор Икромхон Нажмиддиновнинг уй кутубхонасида сақланаётган китоблар тўплами, кексаларга эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли диний муассасаларда фаолият юритган меҳнат фахрийси, "Дўстлик" ордени соҳиби Хорухон Аюбхоновнинг “Шукроналик” китоби совға қилинди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА