English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қариндошининг судланганлиги фуқаронинг ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмайди
15:20 / 2024-10-11

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенглигига, шунингдек, давлат хизматига киришда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигига ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигига тааллуқли бир қатор нормалар мустаҳкамланган.

Шу билан бирга амалдаги қонун ҳужжатларини янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларига мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”лиги белгиланган.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган 2024 йил 20 сентябрдаги 963-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Қонуннинг 28-моддасида Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 8 августда қабул қилинган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги ЎРҚ-788-сонли Қонунининг 10-моддаси қуйидаги мазмундаги қисм билан тўлдирилди, яъни:

«Қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ва уни ўташ чоғида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас».

Бундан ташқари, Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида Қонуннинг 29 – моддаси иккинчи қисмидаги «ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейидан» деган сўзлар «эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан» деган сўзлар билан алмаштирилди.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ва уни ўташ чоғида фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Янги қабул қилинган қонунининг 29-моддасида Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-798-сонли қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 4-моддасининг иккинчи қисми «ижтимоий келиб чиқиши» деган сўзлардан кейин «қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги» деган сўзлар билан тўлдирилди.

Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишда, албатта хорижий мамлакатлардаги мавжуд ҳолатни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Қариндошнинг судланганлиги ва у шахснинг ҳуқуқлари ва фаолиятига таъсир қилмаслиги борасидаги нормалар турли мамлакатларда ўзгача тарзда қўлланилади. Бизнинг талқинда, ушбу масалани кенгроқ ёритиш учун қуйидаги давлатлар тажрибаси ҳақида илмий таҳлил келтириш мумкин:

Америка Қўшма Штатлари (АҚШ)

АҚШда давлат хизматига қабул қилишда шахснинг судланганлиги, айниқса, оғир жиноятлар содир этган бўлса, ўта сезиларли аҳамият касб этади. Бироқ, қариндошларининг судланганлиги шахснинг хизматга қабул қилинишига таъсир қилмайди. Масалан, АҚШ Конституцияси ва амалдаги қонунлар индивидуал жавобгарликка асосланади, яъни қариндошларининг ҳуқуқий ҳолати фуқаронинг ҳуқуқларига таъсир кўрсатмайди. Бунинг устига, жиноий масъулиятга тортиш оилавий ёки шахсий алоқаларга боғлиқ бўлмаган ҳолда амалга оширилади.

Европа Иттифоқи (ЕИ)

Европа Иттифоқининг қонунлари фуқароларнинг ишга қабул қилиниш ва давлат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратади. ЕИ мамлакатларида дискриминацияга қарши қонунлар жуда кучли. Масалан, Франция, Германия ёки Нидерландияда қариндошларининг судланганлиги шахснинг  шахсий ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайди. Буларнинг барчаси Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича умумий хартияси билан мувофиқлаштирилган бўлиб, давлат хизматига қабул қилишда шахсий дискриминацияга қарши кучли ҳуқуқий кафолатлар жорий этилган.

Сингапур ва Япония

Шарқий Осиё мамлакатлари, масалан, Сингапур ва Японияда ҳам давлат хизматига киришда адолат ва тенглик тамойилларига асосланган сиёсат амалга оширилади. Судланганлик масаласида асосий эътибор шахснинг ўзига қаратилади, унинг қариндошлари билан боғлиқ ҳолатлар аҳамиятга эга эмас. Сингапурда коррупцияга қарши қаттиқ қонунлар мавжуд бўлсада, шахснинг судланган қариндошлари унинг давлат хизматида фаолият юритиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.

Хулоса ўрнида, хорижий давлатлар тажрибасидан кўриниб турибдики, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари қариндошларининг ҳуқуқий ҳолати билан чегараланмайди. Бу амалдаги конституциявий тамойиллар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикасида ҳам 2024 йилги қонун ўзгаришлари фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлат хизматига киришда тенг имкониятларни кафолатлаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хорижий тажрибани қўллаб-қувватлаш сифатида, Ўзбекистондаги ўзгаришлар халқаро стандартлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга мувофиқ равишда амалга оширилмоқда, бу фуқаролар ҳуқуқларининг янада самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Бу таҳлил қонуннинг амалга оширилишини янада тушунарли қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгаришлар халқаро стандартларга мос эканлигини тасдиқлайди.

Сарварбек Файзуллаев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги инспектори, 

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

ЎзА