Кекса авлод вакиллари пенсия ёшига етгач, баъзида қариликни баҳона қилиб, жамият ҳаётидан йироқлашади. Бироқ шундай отахону онахонлар ҳам борки, маҳалла ва оилалар тинчлиги ҳамда ҳамжиҳатлигини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, ёш авлод тарбиясига фаол ҳисса қўшмоқда.
Бугун Хоразмда қайси маҳаллага борманг, у ерда нуронийларнинг ўз ўрни, айтар сўзининг салмоғи бор. “Қари билганни пари билмас”, деган гап бежизга айтилмаган. Уларнинг ҳаёт тажрибаси, рўзғор паст-баландини яхши билиши ёшлар учун мактаб вазифасини ўтамоқда.
Хонқа туманида ҳам нуронийлар юртимиз ободлигини тилаб, муборак Рамазон ойи муносабати билан муқаддас қадамжолар, кўча ва хиёбонларни ободонлаштиришда ёшларга йўлбошчи бўлмоқда.
Икки юз мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган туманда оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш, ёшларни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда бандликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 44 та маҳалла фуқаролар йиғинида тартибли ва хавфсиз муҳитни таъминлаш, шунингдек, миграция жараёнларини тизимли йўлга қўйишда нуронийлар “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
[gallery-27775]
Хусусан, Мустақиллик маҳалласида ҳам ҳар бир кўчада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий урф-одатлар ва қадриятлар асосида ҳашар ишларини самарали ташкил этиш мақсадида нуронийлар ҳар бир кўчага бириктирилган.
– Ўзим 84 ёшдаман. Менга “Аҳиллик” кўчасидаги 54 та хонадон бириктирилди, – дейди нуроний отахон Матмурод Давлетов. – Ушбу хонадонларнинг ҳар бирининг қозонида нечта “гуруч” қайнаётганини биламан. Чунки, уларнинг барчаси ҳар бир ишда мен билан маслаҳатлашади. Хорижда юрганлари билан ҳам алоқадаман. Тўйми, маъраками ва бошқа тадбирларми буларнинг бари менинг рухсатим билан бўлади. Ҳар қандай тадбирни камчиқим қилишга ҳаракат қиламиз. Маҳалламизни обод қилишда ёшларнинг ўзи жуда ташаббускор. Мени бу борада уларга топшириқ беришим шарт эмас. Кўчамиздагилар асосан деҳқончилик, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланади. Камбағал ва ночор оилаларимиз деярли мавжуд эмас. Ёшлармиз илм ва ҳунар ўрганади, катталари ишлайди.
Дарҳақиқат, нуронийлар етакчилик қилган ҳар қандай ташаббусда барака ва файз сезилади. Бугун маҳаллаларда “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни шакллантириш жараёнида ҳам уларнинг бой ҳаётий тажрибаси, юксак маънавий салоҳияти ва жамоатчилик орасидаги обрў-эътибори муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Ўзбeкистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг маҳаллалар фаолиятини янада самарали ташкил этишда маҳалла фуқаролари йиғини раиси, унинг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси, “Маҳалла еттилиги”, “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг ҳамкорликдаги фаолиятини тизимли равишда амалга оширилишини таъминлаш тўғрисидаги қўшма қарори жорий йил 30 январь куни қабул қилинди, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Эркин Отажонов. – Ҳозирда вилоятимизда 6 минг 910 та кўча бўлиб, юқоридаги қўшма қарор бўйича барча кўчага нуронийларимизни бириктирганмиз. Уларни бириктиришдан асосий мақсад маҳаллаларда нафақат тартиб-интизомни сақлаш, балки ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, кўчалардаги ободонлаштириш ишлари, қўни-қўшничилик муносабатларини тартибга солиш, низоли ва ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан индивидуал суҳбатлар ўтказиб, уларни яраштириш, уюшмаган ва тарбияси оғир ёшларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларга миллий қадриятларимизни сингдириш ва ҳудудлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдан иборат.
Бугун кексалик гаштини сураётган хоразмлик нуронийларга ҳар ким ҳавас билан қарайди. Зеро, улар неча ўн йиллар давомида маҳалла аҳли билан елкама-елка туриб, қувонч ва ташвишларни бирга баҳам кўриб келмоқда. Ана шундай ҳаётий тажрибага эга кекса авлод вакиллари айни пайтда ҳам жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётир.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (Сурат) ЎзА мухбирлари