English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ҚарДУда замонавий “География майдони”
16:54 / 2025-08-29

Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, талабаларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, уларни илмий тадқиқот ишларига жалб этиш мақсадида олий таълим муассасаларида инновацион ўқув майдонлари, лабораториялар ва амалиёт марказлари ташкил этилмоқда.

Бугун Қарши давлат университетида янгидан бунёд этилган “География майдони” ўқув-амалиёт маркази тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Ушбу майдонча нафақат талабалар учун амалий билим манбаи, балки ҳудудда география фанини илмий асосда ўрганиш ва тадқиқ қилиш учун муҳим масканга айланади.

Ушбу майдонда астрономик, метеорологик, гидрологик, геологик, топографик ва картографик бурчаклар ташкил этилган. Уларда 40 га яқин турли ўқув қуроллари ва ускуналар жойлаштирилган. Энг оддий гномон қурилмасидан тортиб, замонавий “Сокол” аппаратигача бўлган ускуналар талабалар учун хизмат қилади.

Бу воситалар орқали талабалар кундаги қуёш баландлигини аниқлаш, ҳарорат, намлик, шамол йўналиши каби об-ҳаво кўрсаткичларини кузатиш, ер юзасининг топографиясини ўрганиш, геологик қатламларни таҳлил қилиш, гидрологик объектлар билан боғлиқ амалиётларни бажариш имконига эга бўладилар. 

Марказнинг очилишида университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар таълим жараёнида фан ва амалиёт уйғунлигига эришишда бундай объектларнинг аҳамияти жуда катта эканини таъкидладилар.

Ҳозирги глобал иқлим ўзгаришлари, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммолар география фанининг аҳамиятини янада оширмоқда. Шу боисдан ҳам Қарши давлат университетида ташкил этилган “География майдони” нафақат таълим, балки илмий тадқиқотлар марказига айланиши кутилаяпти.

Талабалар бу ерда ўзи яшаётган ҳудуд иқлими, релефи, табиий ресурслари, геоиқтисодий ҳолати ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўладилар. Бу эса уларнинг келгусида малакали мутахассис бўлиб етишишида муҳим омил ҳисобланади.

Қарши давлат университетида ташкил этилган “География майдони” нафақат таълим сифатини ошириш, балки ёшларнинг илмий фаоллигини, табиатга бўлган қизиқишини, миллий ва глобал муаммоларга онгли ёндашувини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири